12:45 | 30.08.24

                       

Россия ноқонуний мигрантларга нисбатан амнистия эълон қилиши мумкин

Россия ноқонуний мигрантларга нисбатан амнистия эълон қилиши мумкин. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Россияда меҳнат ва миграция қонунчилиги соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этган меҳнат муҳожирларига нисбатан амнистия қўлланиши мумкин. Бу чора ҳужжати муддати ўтган ёки мамлакатдан депортация қилиниши керак бўлган мигрантлар реестрини ишга туширишга тайёргарлик доирасида муҳокама қилинмоқда, деб хабар берди «Коммерсант».

Назорат остидаги шахслар реестри 2025 йилда ишга туширилиши керак, у қабул қилинган миграция назоратини кучайтирувчи қонун лойиҳалари пакети доирасида яратилади. «Коммерсант» хабарига кўра, бош вазир ўринбосари Татяна Голикова раислигида бўлиб ўтган миграция сиёсати бўйича ҳукумат комиссияси йиғилишида ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой «ҳеч бир IT-инфратузилмаси бир вақтнинг ўзида барча ҳуқуқбузарларни маълумотлар базасига кирита олмайди», деди.

Унинг фикрича, нисбатан кичик ҳуқуқбузарлик қилган мигрантлар учун амнистия эълон қилинса, «оқилона бўларди». Бу ташаббусни разведка хизматлари ҳам қўллаб-қувватламоқда, деди йиғилишда қатнашган ФСБ аксилразведка хизмати раҳбари Владислав Меншчиков.

Аввалроқ Россияда 630 мингдан ортиқ ноқонуний мигрант борлиги ҳақида хабар берилган эди.

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовойнинг тушунтиришича, мамлакатда бўлиш қоидаларини бузган, икки ёки ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ёки ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланганлар ноқонуний мигрант ҳисобланади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: