12:14 | 21.10.23

                       

Россияда 11 нафар ўзбекистонлик бир аёл сабаб муштлашди

Тўқнашув Санкт-Петербургдаги «Каттақўрғон» кафеси ёнида содир бўлган.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 11 нафар ўзбекистонлик бир аёл сабаб муштлашди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятлари бўйича бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жанжал 17 октябр кунига ўтар кечаси шаҳарнинг Достоевский кўчасидаги «Каттақўрғон» кафеси яқинида содир бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ички ишлар бўлимига 23 ёшдан 42 ёшгача бўлган 12 нафар Ўзбекистон фуқароси, жумладан сартарош бўлиб ишлаётган 34 ёшли аёл олиб борилган. Маълум бўлишича, тўқнашув айнан у сабаб келиб чиққан.

Жанжал оқибатида икки киши бош мия ёпиқ жароҳати, мия чайқалиши ва танасининг бир нечта қисмидаги кўкаришлар билан шифохонага ётқизилган.

Ҳибсга олинганларга нисбатан иммиграция қонунчилигини бузганлик учун олтита, майда безорилик учун саккизта баённома тузилган. Бундан ташқари, текширув натижаларига кўра, жиноят иши қўзғатилган. Можаронинг тўрт қўзғатувчиси безориликда гумон қилинмоқда.

«Фонтанка»га кўра, воқеа содир бўлган ўзбек ошхонаси бир неча бор маҳаллий аҳолининг шикоятларига сабаб бўлган. Йил бошидан буён унинг устидан 20 та шикоят келиб тушган. Юқоридаги воқеага қадар ҳам полиция томонидан унинг фаолияти тўхтатиб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг июл ойида Россиянинг Тараскова қишлоғида ҳам мигрантлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари иштирокида тўқнашув содир бўлганди. Унда муҳожирлар томонидан кўчадан ўтиб кетаётган қиз вақт ўтказишга таклиф қилинган, қизни ҳимоя қилмоқчи бўлган 41 ёшли эркакни мигрантлар уриб ўлдирган эди. Шунингдек, ўша йилнинг феврал ойида ҳам Москвада Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россия фуқаролари иштирокида оммавий жанжал содир бўлган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: