12:06 | 15.12.23

                       

Самарқандда 6 ёшли болани отаси калтакламагани, унинг йиқилиб тушгани маълум бўлди

Аввалроқ интернетда боланинг «дадаси калтаклагани»ни айтган видеоси оммалашиб, уни отаси калтаклагани ҳақида фикрларни юзага келтирганди.

Шу йилнинг 30 октябр куни Ургут тумани «Юқори Калангар» маҳалласида яшовчи 6 ёшли А.А. Ургут туман марказий шифохонасига тан жароҳати олиб мурожаат қилган. Bugun.uz маълумотларига кўра, мазкур ҳолат бўйича унинг олган тан жароҳати юзасидан судга оид тиббий экспертизаси тайинланган.

Аниқланишича, вояга етмаган А.А.нинг иккала кўз қовоғида, юзининг ўнг томонида ва бурнида қонталашлар, бурун соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ва тери остига қон қуйилиши каби тан жароҳатлари бўлган. Улар ўтмас қаттиқ жисмлар таъсирида етказилгани, бу тан жароҳатлари унинг соғлиғи қисқа муддатли бузилишига олиб келмаслиги ва бола 29 октябр куни жароҳат олгани маълум бўлган.

Терговга қадар текширувда боланинг отаси 30 ёшли А.Х. ва онаси 29 ёшли А.М. бир йилдан ошиқроқ вақтдан бери бирга яшамаслиги, уларнинг ўртасида 3 нафар фарзанди борлиги, фарзандларнинг 3 нафари ҳам онаси билан бирга яшаши аниқланган.

Фуқаролик судининг қарорига асосан фарзандларнинг отаси вояга етмаган фарзандларини ҳафтада бир кун, шанба ва якшанба кунлари кундуз куни соат 10:00 дан 17:00 га қадар олиб кетиб учрашишига рухсат этилган. Ҳодиса содир бўлган вақтда ота ўғлини яшаш уйига олиб кетган, шу куни 6 ёшли A.A. кўчада ўйнаб юрган вақтида йиқилиб тан жароҳати олган ва уни отаси Ургут туман марказий шифохонасига олиб борган.

Текширувда биронта шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда эркак ёш боласини уриб, кўзини кўкартирган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалиб, ҳолат Болалар омбудсмани назоратига олингани билдирилганди. Интернетда оммалашган боланинг ўзи гапиргани тасвирланган видеода уни «дадаси калтаклагани»ни айтгани ушбу ҳолатда унинг отаси томонидан калтаклангани ҳақида фикрларни юзага келтирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: