11:01 | 08.02.24

                       

Самарқандда Миллий гвардия ходими 1,5 минг доллар пора билан ушланди

ДХХ: Самарқанд вилояти Иштиҳон туманлараро қўриқлаш бўлими ходими фуқарога қўзғатилган жиноят ишини мансабдор танишлари орқали ҳал қилиб беришни ваъда қилган, у бунинг эвазига 1500 долларни олган вақтида ушланди. Шунингдек, бошқа бир фуқарога суд томонидан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини бекор қилдириш эвазига 600 доллар олган адвокат ҳам қўлга тушди.

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқандда ваколатидан фойдаланиб, 1,5 минг доллар пора олган Миллий гвардия ходимини қўлга олди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги

Маълум бўлишича, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказган. Бунда 34 ёшли Оқдарё туманида яшовчи, Миллий гвардия Самарқанд вилояти Қўриқлаш бошқармаси Иштиҳон туманлараро қўриқлаш бўлими ходими Ф.О. мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда маҳаллий фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишини мансабдор танишлари орқали ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилгани аниқланди. Ходим бунинг эвазига фуқародан 1500 долларни олган вақтида қўлга олинди.

Шунингдек, бошқарма томонидан ўтказилган навбатдаги тадбирда адвокат ҳам ушланди. Ш.А. исмли адвокат фуқарога суд томонидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилишини бекор қилиш мақсадида ўзининг мансабдор танишлари орқали ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилган. Бунинг учун фуқародан 600 долларни пора тариқасида олаётган вақтида ушланган.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 211 моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманган вилоятида суд раиси 2000 доллар пора билан ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: