19:54 | 11.12.23

                       

Сирдарёда фуқарога АҚШ визасини олиб бериш ваъда қилинди

Тил бириктирган танишлар фуқарога уни Туркия ва Мексика давлатлари орқали юборишларини айтишди.

Сирдарё вилоятининг Янгиер туманида Америка Қўшма Штатларига бориш учун виза тайёрлаб бермоқчи бўлганлар ушланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг маълум қилишича, олдин судланган Ё.А. таниши У.П. билан ўзаро тил бириктириб, фуқаро M.A.ни Қўшма Штатларга кетиши учун виза ҳужжатларини расмийлаштириб, Туркия ва Мексика давлатлари орқали юбориши эвазига У.П. 8100 АҚШ доллари ва 1 миллион 240 минг сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, АҚШ элчихонаси 2023 йил учун миграцион виза бериш тўхтатилганини маълум қилганди.