«Ташаббусли бюджет»да 177 та лойиҳа қўшимча ғолиб бўлди. Молия вазирлиги ғолиб лойиҳалар рўйхатини эълон қилди.
«Ташаббусли бюджет»да 177 та лойиҳа қўшимча ғолиб деб топилди, деб хабар бермоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.
Қайд этилишича, «Ташаббусли бюджет»нинг жорий йилги 2-мавсуми якунларига кўра, юқори овоз тўплаб ғолиб бўлмаган 177 та лойиҳа учун қўшимча маблағ ажратилди. Жумладан:
- Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан ғолиб бўлмаган навбатдаги лойиҳаларни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 56 та лойиҳа;
- лойиҳа қийматининг 20 фоизигача маблағ етмаган навбатдаги 25 та лойиҳа;
- маҳалладаги мавжуд аҳоли сонидан кўп овоз тўплаб ғолиб бўлмаган 96 та лойиҳа қўшимча равишда ғолиб деб топилди.
Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун жами 143,1 млрд сўм маблағ ажратилди. Ғолиб лойиҳалар рўйхати билан мазкур ҳавола орқали танишиш мумкин.
Маълумот учун, «Очиқ бюджет» порталида «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2024 йилдаги 2-мавсуми овоз бериш жараёни якунларига кўра, 2 триллион 139 миллиард сўмлик 1772 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Лойиҳаларни молиялаштириш учун ушбу мавсумга 2 триллион 271 миллиард сўм ажратилган.