15:42 | 24.09.21
Хазина дунёнинг қиймати юқори бойликларидан бири ҳисобланади
Бақтрия олтинлари «Толибон» ҳаракатининг ҳимоясида экани айтилди. Бу ҳақда Афғонистоннинг Ахборот ва маданият вазирлиги ходимларига асосланиб, «Sputnik» хабар берди.
Маълум қилинишича, «Толибон» хазинанинг қаердалигини ошкор қилмайди, ҳаракат улар хавфсиз жойда ва яхши қўриқланаётганини қайд этган. Ўз навбатида, 15 августда Кобул қулашидан олдин оммавий ахборот воситалари Бақтрия олтинлари чет элга экспорт қилингани ҳақида хабар берганди.
Таъкидланишича, Бақтрия олтинлари археологлар томонидан топилган қиймати юқори бойликлардан биридир. У 1978 йилда Афғонистонда милоддан аввалги I асрга оид Кушон подшоҳлик қабрларини қазиш пайтида топилган. Қазиш ишлари Виктор Сарианиди бошчилигидаги совет-афғон археологик экспедицияси томонидан олиб борилган. Ҳаммаси бўлиб 20 мингга яқин олтин буюмлар аниқланган. Топилган буюмлар Афғонистон миллий музейига топширилган.
Афғонистонда 1989 йилдаги инқироз туфайли мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Муҳаммад Нажибуллоҳ буйруғи билан олтин буюмлар Афғонистон Марказий банки омборига кўчирилган. Кобулни 1996 йилда эгаллаб олган толиблар хазина қаерда эканини аниқлай олмаган. Омбор 2004 йилда Виктор Сарианиди иштирокида очилган, у буюмларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган. 2006 йил декабридан 2007 йил апрелигача хазина тўплами «Афғонистон, қайта кашф этилган хазиналар» номи остида Парижда, сўнг Италия, Голландия, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Швеция, Норвегия, Австралияда ҳам намойиш этилган. Бу Афғонистон давлати бюджетига деярли 3 миллион доллар олиб келган. Афғонистоннинг ўзида хавфсизлик нуқтаи назаридан олтинлар ҳеч қачон кўрсатилмаган.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистондаги тарихий қалъалардан бирини бузиб ташлагани ва қайси мамлакатдан молиявий ёрдам олмоқчилиги маълум қилинганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати дунёнинг 6 давлатини Афғонистонга таклиф қилгани ҳақида хабар берилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: