12:38 | 28.11.23

                       

Тошкент ҳайвонот боғига бенгал йўлбарси ва оқ шер олиб келинди — видео

Жами тўрт турдаги ҳайвонлар Жанубий Африкадаги махсус фермада боқилган.

Тошкент ҳайвонот боғи матбуот хизмати хабар беришича, учта зебра, учта жирафа болалари, оқ Бенгал йўлбарси ва оқ шер олиб келинган.

Ҳайвонлар Жанубий Африкадаги махсус фермада боқилган бўлиб, уларни ташиш CargoPoint компанияси томонидан ташкиллаштирилган. У Ёханнесбург – Антананариву – Истанбул – Тошкент йўналиши бўйича 10 827 км масофани босиб ўтган. Пойтахт ҳайвонот боғи бундай улкан лойиҳани биринчи марта амалга оширилганини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ҳайвонот боғида 2022 йилнинг 20 август куни 9 ёшли Алатау лақабли жирафа вафот этганди. Ҳайвонот боғининг бош ветеринар шифокори Маҳмуд Кузибаев ўлимдан кейинги патологоанатомик ва лаборатор текширувлари натижаларига кўра, ҳайвоннинг ўлими провентрикуляр тимпания туфайли юзага келган мия ишемияси туфайли содир бўлганини айтганди. Бундан ташқари, Фарғонадаги ҳайвонот боғида ягона бўлган зебра вафот этгани хабар қилинганди.

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: