12:27 | 29.11.23

                       

Тошкентда автобус ва юк машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди — фото

Тўқнашув оқибатида автобусда бўлган уч нафар йўловчи жароҳатланган.

Бугун, 29 ноябр куни соат 06:50 ларда Тошкент шаҳрида Mercedes-Benz русумли автобус ва юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати.

Ҳодиса Янгиҳаёт тумани, Бинокор кўчасида содир бўлган. «4-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги 132-сонли йўналишда ҳаракатланаётган ҳайдовчи А.С бошқарувидаги Mercedes-Benz русумли автобус, Бинокор кўчаси бўйлаб Тошкент МФЙ томонга ҳаракатланиш учун орқага қайрилаётган вақтда, кўчанинг қарама-қарши томонидан ҳаракатланиб келаётган MAN русумли юк автомобили келиб унга урилган.

Дастлабки маълумотга кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси натижасида 3 нафар автобус йўловчиси енгил тан жароҳати олган. Автобус ва юк автомобили техник шикастланган.

Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида шу йилнинг 25 ноябр куни Yutong русумли электробус ва King Long русумли автобус иштирокида ЙТҲ содир бўлган эди. Автобус йўловчилари орасида ушбу йўл-транспорт ҳодисаси натижасида тан жароҳати олганлиги ҳақида шифохонага мурожаат қилганлар бўлмагани айтилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: