11:56 | 12.01.24

                       

Тошкентда синтетик гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқарадиган нарколаборатория аниқланди – видео

Нарколабораторияда тахминан 80 минг «доза»ни ташкил қиладиган моддалар топилган ва уларнинг қора бозордаги қиймати 900 минг АҚШ доллари экани аниқланган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитаси ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган махсус тадбир давомида Тошкент шаҳрида яширин фаолият олиб борган нарколаборатория фош этилди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Жумладан, 1986 ва 1988 йилларда туғилган, олий маълумотли бўлган 2 нафар шахс логистика фаолияти билан шуғулланиш ниқоби остида Шайхонтоҳур туманидаги хонадонлардан бирида синтетик гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланишган.

Кўздан кечириш жараёнида хонадонда жами 56 та ўрамда 26 кг.га яқин «Мефедрон» гиёҳвандлик воситаси, синтетик наркотик тайёрлашда фойдаланиладиган 400 кг.дан ортиқ суюқлик ва кукун кўринишидаги кимёвий моддалар ҳамда хом-ашёлар, зарур асбоб-ускуналар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширувда гиёҳвандлик воситалари тайёрлашда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, хом-ашё ва прекурсорлар хориждан келтирилганлиги ва тайёрланган наркотик моддаларнинг савдоси интернет тармоғи орқали амалга оширилганлиги маълум бўлди.

Тадбир давомида олинган наркотик моддалар тахминан 80 минг «доза»ни ташкил қилиши ва қора бозордаги қиймати 900 минг АҚШ долларига тенглиги, шунингдек, нарколабораторияда сақланаётган 400 кг.дан ортиқ кимёвий моддалар ва хом-ашёлар ёрдамида 50 кг.га яқин «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси ишлаб чиқариш мумкинлиги маълум бўлди.

Нарколаборатория аниқланганлиги ҳолати юзасидан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ДХХ Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: