0:25 | 29.10.23

                       

Тошкентда «Ўзбекистон ва Хитой табиат дурдоналари» кўргазмаси очилди

Кўргазма якунида ўзбек рассомлари томонидан яратилган картиналарнинг бир қисми Хитой ҳукуматига топширилади.

Кеча, 28 октябр куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон тарихи давлат музейида «Бир макон – бир йўл» ташаббусининг 10 йиллигига бағишланган «Ўзбекистон ва Хитой табиат дурдоналари» номли кўргазма очилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Ушбу кўргазмада Экология вазири Азиз Абдуҳакимов нутқ сўзлаган ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳолаган.

«Ўзбекистон ва Хитой ўртасида барча соҳаларда самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Хусусан, айнан XХР томонидан илгари сурилган улкан халқаро платформа ҳисобланган «Бир макон, бир йўл» ташаббуси саноат, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва бошқа йўналишлардаги ўзбек-хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини изчил ривожлантиришга ҳисса қўшиб келмоқда. Бугун ўз ишини бошлаётган «Ўзбекистон ва Хитой табиат дурдоналари» кўргазмаси икки давлат маданиятлари ўртасидаги ҳамоҳангликни акс эттиради. Қолаверса, ўзбек ва хитой рассомлари учун ўзаро тажриба алмашиш имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир» деган Экология вазири.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, унда  БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили ҳам ўз фикрлари билан нутқ сўзлаган.

«Ўзбекистон ва Хитой давлатлари Бутунжаҳон туризм ташкилоти фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди. Хусусан, UNWTO Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси Ўзбекистонда, Самарқандда ўтказилди. Икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги алоқалар тобора ривожланиб бораётгани қувонарли ҳолат, албатта. Бугунги кўргазма эса ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги яна бир муҳим қадамдир» деган бош котиб.

Тадбирда, шунингдек, «Макон ва йўл: Ипак йўли» маданий саёҳати ташкилий қўмитаси Бош котиби, Хитой ассоциациясининг Ўзбекистондаги ижрочи вакили ҳамда бир қатор иқтидорли рассомлар, ижодкорларга «Табиат фидоийси» кўкрак нишонлари топширилган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Кўргазмада ўзбек ва хитой рассомлари томонидан чизилган Ўзбекистоннинг энг ноёб диққатга сазовор жойлари, табиат ҳодисалари ва ҳайвонот дунёсини акс эттирган 40 дан ортиқ картиналари намойиш қилиниши таъкидланган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, кўргазмани шу йилнинг сентябр ойида ўтказиш учун икки давлат тажрибали рассомларининг пленери ташкил этилган. 20 сентябрдан 5 октябргача 20 нафар хитойлик рассом Ўзбекистон табиати ва анъаналарини акс эттирувчи асарлар яратишган. Пленер давомида ижодкорлар Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида бўлишган.

Ўз навбатида, Ўзбекистондан 20 нафар рассом Хитой табиати, анъаналари ва диққатга сазовор жойларини акс эттириш мақсадида ХХРга борган. Ушбу яратилган санъат асарлари Ўзбекистон ва Хитойнинг нуфузли музейлари ва кўргазма залларида намойиш этилади. Пленерлар якунида Хитой рассомларининг 80 та сурати орасидан ноёб ижодий ишлар кўргазма учун танлаб олинди. Кўргазмада намойиш этиладиган расмларнинг бир қисми «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети жамғармасига совға қилинади.

Кўргазма якунида, 1 ноябр куни ўзбек рассомлари томонидан яратилган картиналарнинг бир қисми Хитой ҳукуматига топширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда Ўзбекистон туризм саноатининг инвестиция салоҳияти намойиш этилиб, унда UNWTO Бош котиби томонидан Экология вазирлигига Tourism doing business. Investing in Uzbekistan китоби топширилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: