16:35 | 18.01.24

                       

Уйчи тумани ҳокими хотини ва қизини «аёллар дафтари»да турувчи фуқароларга қўшиб, саёҳатга юборгани ҳақида хабар тарқалди

Bugun.uz мухбири туман ҳокимлиги вакили билан боғланиб, ташкил этилган саёҳат бўйича маълумот олди.

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Уйчи тумани ҳокими «Аёллар дафтари»да рўйхатда турувчи аёллар учун Самарқандга уюштирилган саёҳатга бошқа туманда яшовчи қизи ва аёлини ҳам юборгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Туман ҳокимлигининг Bugun.uz‘га маълум қилишича, саёҳат 1-3 январ кунлари ташкил этилган. Унга туман ҳокими ўринбосари Саида Аҳмадалиева бошчилигидаги 56 та МФЙнинг 38 нафар хотин-қизлар фаоллари, пиллакорлардан 5 нафар ва ҳокимнинг икки нафар оила аъзолари қатнашган.

Саёҳат «Зарҳал Заркент зўртепа» МЧЖ томонидан ташкил этилиб, ҳомийларнинг маблағлари ва саёҳатга борганларнинг шахсий пуллари эвазига олиб борилган. Шунингдек, ҳокимлик вакили ҳоким Шуҳрат Мусаев қизи ва аёли учун ўз ёнидан пул тўлаганини маълум қилиб, саёҳатга борганлар ичида «Аёллар дафтари»да турганлар йўқлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Янгийўл тумани ҳокими тунда кафе ва ресторанларда рейд ўтказгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: