20:43 | 27.11.23

                       

Янгийўл тумани ҳокими тунда кафе ва ресторанларда рейд ўтказди — видео

ЎзЛиДеП прокуратура органларидан ҳоким тадбиркорлик субъектларида ўтказган рейдни қонунга мувофиқлиги юзасидан ҳуқуқий баҳо беришга чақирди.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ҳоким бошчилигидаги тегишли масъуллар, туман ҳудудида тадбиркорлик субъектларини, жумладан кафе ва ошхоналар фаолиятини рейд шаклида текширгани акс этган видео тарқалди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўзининг қонуний тадбиркорлик тарафдори эканлигини, шу билан бирга, ҳар қандай ноқонуний фаолиятни қоралашини айтиб чиқди.

Партияга кўра, тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган ҳар қандай текширувлар ҳам қонун доирасида ва белгиланган тартибга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан ваколатли органлар ва мансабдор шахслар томонидангина амалга оширилиши белгиланган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, партиямиз маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларда қонун талабларига қатъий риоя этишлари лозим деб ҳисоблайди» дейилган партия расмий хабарида.

ЎзЛиДеП бундан ташқари, прокуратура органларининг Янгийўл туманидаги тадбиркорлик субъектларида ўтказилган рейд текширувининг қонунларга мувофиқлиги юзасидан ҳуқуқий баҳо бериши кераклигини таъкидлаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: