22:32 | 28.02.22

                       

Украинадан эвакуация қилинаётган Ўзбекистон фуқароларига авиарейслар учун чипталар сотиляптими?

Транспорт вазирлиги тарқалган хабарларга муносабат билдирди

Транспорт вазирлиги Украинадан эвакуация қилинаётган Ўзбекистон фуқароларига авиарейслар учун чипталар сотилаётгани айтилган хабарлар юзасидан маълумот берди.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, айрим ижтимоий тармоқларда шу мазмунда тарқалаётган маълумотлар ёлғон ҳисобланади.

«Фуқаролардан шу каби хабарларга ишонмасликларини, махсус авиарейслар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан бепул ташкил этилаётганлигини маълум қиламиз. Ҳозирда Польшанинг Катовице шаҳридан ‘Uzbekistan Airways’ АЖ томонидан бажарилаётган махсус авиақатновлар орқали Ўзбекистонга олиб келинаётган фуқаролардан авиачипта учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Украинадаги Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш ҳамда махсус авиарейслар орқали мамлакатимизга жўнатиш ишлари Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилмоқда», дейилган хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистон элчихонасининг Харьковдан фуқароларни эвакуация қилаётган микроавтобусига снаряд парчаси урилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: