13:39 | 23.09.21

                       

Викинглар хазинасидан топилган Хоразмшоҳ тангалари сурати эълон қилинди — фото

Кумуш тангалар 811–959 йиллар орасида зарб қилинган

Швециядаги Викинглар хазинасидан топилган Хоразмшоҳ тангалари сурати эълон қилинди. Бу ҳақда Фанлар академияси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фанлар академияси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Хоразм Маъмун академияси таянч докторанти Исмоилов Шоҳрухмирзо Швеция тарих музейи таркибидаги Қироллик тангалар коллекцияси Викинглар даври ва ўрта асрлар тангалари бўлими раҳбари Флорант Ауди билан ҳамкорлик ўрнатган. Шу тариқа у ўтган асрнинг бошларида Швециядаги археологик қазишмалар чоғида Викинглар хазинаси таркибида аниқланган жами 9 та Хоразм тангаларининг юқори тиниқликдаги расмлари ва улар ҳақидаги маълумотларни тақдим қилган.

Фото: Фанлар академияси ахборот хизмати

Қайд этилишича, тангаларнинг барчаси кумушдан ясалган бўлиб, милодий 811–959 йиллар орасида Хоразмда зарб қилинган. IX–X асрлардаги Хоразмнинг шимолий ҳудудлар билан савдоси натижасида Шимолий Европа ҳудудларига бориб қолган. Таъкидланишича, тангалар, асосан, сўнгги Африғий ҳукмдорлар ва Араб халифаларининг Хоразмдаги ноиблари томонидан зарб қилинган коллекциядир. Бу Хоразмнинг минг йиллар олдин шимолий ҳудудлар билан фаол савдо муносабатлари олиб борганини исботлайди.

Фото: Фанлар академияси ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмда янги археологик ёдгорлик топилгани хабар қилинган. Шунингдек, Тошкент вилоятида Қорахонийлар даврига оид 427 та танга топилгани маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: