17:07 | 30.10.23

                       

Ўзбекистон Афғонистон билан фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Афғонистон делегацияси мамлакатдаги тиббий маҳсулотлар ва даволаш жараёнлари билан танишиш мақсадида ташрифни амалга оширади.

Халқаро бизнес марказида ташкил этилган Made in Uzbekistan кўргазмасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов раҳбарлигидаги бир гуруҳ соҳа масъул ходимлари иштирок этган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Кўргазмада 300 дан ортиқ тиббий маҳсулотлар намойиш қилинган.

Икки давлат ишбилармон вакиллари ўртасида B2B форматидаги учрашувлар ўтказилиб, музокаралар олиб борилган. Кўргазмада 4000 га яқин тиббий маҳсулотлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилган.

Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика хизмати директори Хамид Формулой Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дориларни Афғонистонга етказиб бериш борасида рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш таклифини берган.

Шунингдек, Афғонистон озиқ-овқат ва дори воситаларини миллий уюшма билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича амалий ёрдам кўрсатадиган бўлди.

Маълумот учун, Афғонистон тиббий маҳсулотларни рўйхатга олиш ваколатига эга.

Учрашувда Афғонистон тадбиркорлар маслаҳат кенгаши соғлиқ масаласи бўйича ўринбосари доктор Муҳаммад Ҳошим Ваҳааж билан ушбу мамлакатдаги хусусий шифохоналарга дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техникаларни Ўзбекистондан импорт қилиш, беморларни Ўзбекистонга даволашга юбориш масаласи муҳокама этилган.

Шунингдек, Ўзбекистондаги тиббий маҳсулотлар ва даволаш жараёнлари билан танишиш мақсадида Афғонистон делегацияси ташрифи амалга оширилиши бўйича келишувга эришилган.

Шу билан бирга, Кобул Савдо ва саноат палатаси кенгаши аъзоси Забиҳуллаҳ Момен Зада билан экспорт-импорт масалалари муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация Кобулга ташриф буюргани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: