20:03 | 22.12.23

                       

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига Эрондан визасиз режим ҳақида расмий сўров келиб тушмаган

Bugun.uz манбаси Ўзбекистон фуқаролари учун Эрон визаларини бекор қилиш бўйича келишув олиб борилмаётганини маълум қилди. Аввалроқ, Эрон 32 та давлат, жумладан, Ўзбекистонга визани бекор қилиш ҳақидаги ҳужжатни ратификация қилгани хабар қилинганди.

Bugun.uz‘нинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаси билдиришича, Эроннинг Ўзбекистон фуқаролари учун визаларини бекор қилиш бўйича келишуви юзасидан иш олиб борилмаяпти.

Қайд этиш керак, Эроннинг бир қатор интернет нашрлари Эрон маданий мерос, туризм ва халқ ҳунармандчилиги вазири Иззатуллоҳ Зарғамийнинг баёнотига таяниб, мамлакат 32 та давлатга виза режимини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилганини билдирганди. Зарғамий ҳукумат йиғилиши якунлари бўйича ижобий натижа қайд этилгани ҳақида маълумот эълон қилган ва 32 та давлат, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун визани бекор қилиш ҳақидаги ҳужжат ратификация қилингани таъкидлаган.

Bugun.uz маълумотларига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу баёнотнинг амалда татбиқ этилиши ҳақида маълумот олмаган. Айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари учун Эрон визаларини бекор қилиш бўйича келишув ёки иш олиб борилмаяпти. Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонасига Эроннинг тегишли вазирлик ва идораларидан ҳеч қандай расмий сўров келиб тушмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон қайси давлатларга визасиз режим жорий этгани бўйича маълумот эълон қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: