11:17 | 11.10.23

                       

Ўзбекистонда 2024 йилдан тезюрар поездлар чипталари нархини давлат белгиламайди

Темир йўлда маҳаллий, экспорт ва импорт йўналишларида ташиш тарифларига тақдим этилган чегирмалар 2024 йилдан бекор қилинади.

Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1 январидан бошлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи ва тезюрар поездларда йўловчи хизматлари тарифлари давлат томонидан тартибга солинмайди. Бу ҳақда УзА хабар берди.

Қайд этилишича, кеча, 10 октябр куни «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган.

Қарор билан, 2024 йилнинг 1 январига қадар «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ негизида йўл хўжалиги, электр таъминоти, сигналлаштириш ва алоқа, локомотив хўжалиги, ягона диспетчерлик маркази ва юк станциялари иш фаолиятини таъминлаш бўйича «Темирйўлинфратузилма» АЖ ташкил этилади.

Шунингдек, юк ташиш хизматларини амалга ошириш, юк вагон ва контейнер хўжалигини сақлаш ва ривожлантириш, мултимодал «эшикдан эшиккача» ташувларни йўлга қўйиш, логистика марказлари ва терминалларини ташкил этиш бўйича «Темирйўлкарго» АЖ, юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларда йўловчиларни ташиш хизматини кўрсатиш бўйича «Темирйўлэкспресс» АЖ ташкил этилади.

«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ таркибида вокзаллар фаолиятини таъминлаш юзасидан «Темир йўл вокзаллари» МЧЖ ва шаҳар атрофида йўловчилар ташиш бўйича «Шаҳар атрофида йўловчи ташиш» МЧЖ, болалар оромгоҳлари, соғлиқ, шунингдек, маданий-маърифий ва спорт объектларини сақлаш бўйича «Темир йўл ижтимоий хизматлар» муассасаси фаолияти йўлга қўйилади.

Темир йўлда юкларни маҳаллий, экспорт ва импорт йўналишларида ташиш тарифларига тақдим этилган чегирмалар 2024 йил 1 январдан бекор қилинади ҳамда уларни фақат Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тақдим этиш тартиби жорий этилади.

2023 йил 1 декабргача темир йўлларда юкларни ташиш тарифларига тақдим этиладиган чегирмалар рўйхати тасдиқланади.

2024 йил 1 январдан юк вагонлари ва контейнерларни тақдим этиш ҳамда юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилади ва уларни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизмига ўтилади.

2025 йил 1 январдан маҳаллий йўналишларда йўловчиларни ташиш хизматларини (юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш бундан мустасно) кўрсатишдан кўрилган зарарлар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан темир йўл транспортида юк ташиш хизматларига берилган чегирмалар Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилинади.

2027 йил 1 январгача темир йўл транспорти хизматларини кўрсатувчи корхоналар томонидан олиб кириладиган ортиш-тушириш ишлари учун мўлжалланган механизм ва ускуналарга божхона божининг нол ставкаси қўлланилади.

2026 йил 1 январгача «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва унинг таркибидаги корхоналарга ўзаро тўғридан-тўғри шартномалар асосида товарларни сотиш, ижарага бериш, харид қилиш, етказиш, иш (хизмат)ларини бажаришга рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Афросиёб» поездида йўловчи ташиш нархи икки бараварга оширилиши маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: