19:45 | 29.12.23

                       

Ўзбекистонда ота-она ҳар қандай ёшдаги фарзандининг контрактига тўлаган пуллари учун даромад солиғи тўламайди

Президент имзолаган қонун билан 26 ёшгача бўлган фарзандлар учун тўланган пуллардан солиқ олмаслик бўйича олдинги тартиб ўзгарди.

Президент томонидан 2023 йилнинг 28 декабр куни имзоланган 891-сонли Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Солиқ кодексига солиқ ҳисоботларини беш йил бут сақлаш уч йилга ўзгартирилди.

Камерал солиқ текширувида қуйидаги солиқ назорати тадбирларини ўтказиш тақиқланди (қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш (қайтариш) мақсадида ўтказиладиган камерал солиқ текшируви бундан мустасно):

солиқ тўловчи ҳудудига кириш;
солиқ тўловчи ҳудуди ва биноларини кўздан кечириш;
солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш;
солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш.

Эндиликда солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун уч йил ичида жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши керак. Уч йилдан кейин шахс ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас (илгари 5 йил эди).

Ота-оналар ҳар қандай ёшдаги фарзандларининг профессионал ва олий таълим ташкилотларида ўқиши учун тўлаган пуллари даромад солиғидан озод қилинади. Олдин фақат 26 ёшгача бўлган фарзандлар учун тўланган пуллардан даромад солиғи олинмаган.

Маълумот учун, ушбу қонун 2024 йилнинг 1 январ кунидан бошлаб кучга киради.

Аввалроқ, Ўзбекистон ОТМларида 2023/2024 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдори оширилмаслиги ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: