12:06 | 05.09.23

                       

Ўзбекистон ОТМларида 2023/2024 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдори оширилмайди

Ушбу тартиб молиявий мустақиллик берилган олийгоҳлар учун ҳам амал қилади.

Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларида 2023/2024 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдори оширилмайди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Bugun.uz

Маълум қилинишича, талабалар ва уларнинг ота-оналарига енгиллик яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолининг тўлов қобилиятини инобатга олган ҳолда, истисно тариқасида, 2023/2024 ўқув йили учун барча босқичдаги талабаларнинг тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдори давлат олий таълим муассасалари, жумладан, молиявий мустақиллик берилган олийгоҳларда ҳам базавий тўлов-контракт қиймати 2022/2023 ўқув йили учун белгиланган миқдорларда сақлаб қолинади.

Шу билан бирга, 2023/2024 ўқув йили табақалаштирилган тўлов-контракт (супер-контракт) миқдорлари ўтган ўқув йили учун белгилангани бўйича ўзгаришсиз қолади.

2023/2024 ўқув йили қабулида тўплаган баллари тасдиқланган қабул параметрлари чегарасига етмаган, лекин табақалаштирилган тўлов-контракт асосида таҳсил олиш истагини билдирган абитуриентларга, истисно тариқасида, янги ўқув йили бошланишидан шартномалар расмийлаштиришга, шунингдек бир йиллик ўқитиш қийматининг 50 фоизини тўлаганларни талабалар сафига қабул қилишга рухсат берилди.

Шунингдек, тасдиқланган табақалаштирилган тўлов-контракт қийматини 2023 йил 15 октябрига қадар тўлиқ тўлаган абитуриентлар учун 10 фоиз миқдорида чегирма берилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги олийгоҳларда тўлов-контракт миқдори 2022/2023 ўқув йили учун ҳам оширилмаган эди. Шунингдек, коллеж ва техникумларнинг тўлов-контрактлари миқдори ҳам 2022/2023 ўқув йилида ўзгаришсиз қолдирилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: