18:30 | 18.02.22

                       

Ўзбекистонда автоҳалокатлар сони нима сабабдан ортган?

Ички ишлар вазири ўринбосари бунинг сабаблари ҳақида гапирди

Олий Мажлис Сенатида 18 февраль куни ўтказилган парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилишида ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев автоҳалокатлар сони ортганининг бир қатор сабабларини санади. Бу хақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Иллюстратив / Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, мамлакат бўйича 2021 йилда жами 10 001 та йўл транспорт-ҳодисаси содир бўлган. Хусусан, Фарғонада — 1469 та, Самарқандда — 1129 та ва Наманганда — 1082 та автоҳалокат содир бўлган.

«Яратилган шароитларга қарамасдан республикада йўл ҳаракатини ташкил этиш тизими қониқарли деб бўлмайди. Йўл инфратузилмасини ташкил этишдаги камчиликлар, айрим ҳайдовиларнинг маданияти тўлиқ шаклланмаганлиги, йўл қоидаларини ўқитиш тизимининг маънан эскирганлиги оқибатида 2021 йилда содир этилган 10 мингдан ортиқ автоҳалокатларда 2,5 мингга яқин фуқароларнинг бевақт ҳалок бўлишига йўл қўйилди.

Мазкур йўл транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда уларнинг 20 фоиздан ортиғи белгиланган тезликка риоя қилмаслик, 20 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар, 14 фоизи пиёдалар учун хавфсиз шароитлар яратилмаганлиги, 9,1 фоизи ҳайдовчининг тажрибасизлиги оқибатида содир этилган», — деди вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, ҳодисаларнинг 4698 таси пиёдалар, 1621 таси вояга етмаганлар, 1075 таси велосипедичилар, 84 таси мотоцикллар иштирокида содир бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йилда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида неча киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Шунингдек, Сенат раиси ЙТҲларнинг катта қисми «Damas»лар иштирокида содир бўлаётгани, ҳудудларнинг жамоат транспорти билан таъминланиш даражаси ҳам пастлиги ҳақида гапирганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: