11:06 | 12.09.24
Тошкентдаги «Муҳтешем донер»да овқатланган 23 киши заҳарланиб, касалхонага ётқизилди.
Тошкент шаҳрида битта кафеда овқатланган 23 киши заҳарланиб, шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Санэпидқўмита ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 6-8 сентябрь кунлари овқатдан заҳарланиш белгилари билан жами 23 нафар фуқаро, шулардан 22 нафари Эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига ҳамда 1 нафари Тошкент шаҳар 4-сон юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг барчаси 5 сентябрь куни Юнусобод туманида жойлашган «Муҳтешем донер» кафесида бир неча турдаги таомларни истеъмол қилган. Олиб борилган даволаш муолажалари натижасида беморларнинг аҳволи яхшиланган ва 12 сентябрь 09:00 ҳолатига кўра уларнинг 13 нафарига уйига рухсат берилган.
Қолган 10 нафар беморларга даволаш муолажалари давом эттирилмоқда ва касаллик динамикасида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Барча беморларнинг аҳволи қониқарли ҳолатда.
Бугунги кунга келиб Санэпидқўмнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан кафе фаолияти вақтинча тўхтатилган, истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларидан намуналар олиниб, лаборатория текширувлари давом эттирилмоқда.
Бирламчи эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, заҳарланишга кафеда тайёрланган соус (беморларнинг барчаси истеъмол қилган маҳсулот) сабаб бўлган бўлиши мумкин деган хулосага келинмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: