19:30 | 25.03.22

                       

Хоразмда «замҳоким» 12 минг доллар пора билан қўлга тушди

У пулни ноқонуний қурилган турар жой биноларини бузмаслик учун талаб қилган

Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани ҳокимининг ўринбосари 12 000 доллар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Ҳазорасп туман бўлими томонидан ДХХнинг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда туман ҳокимининг ўринбосари У.А. мансаб мавқеидан фойдаланиб, Қиртепа маҳалласи ҳудудида ноқонуний қурилган турар жой биноларини бузмаслик ҳамда ушбу маҳалладаги туман хокимлиги захирасида бўлган 18 сотих ер майдонини турар жой қуриш учун ажратиб бериш эвазига фуқаро И.дан пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ ДХХ Самарқандда давлат хизматлари агентлиги ходимини пора билан ушлаганди. Шунингдек, Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси пора билан қўлга тушган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: