12:52 | 07.10.22

                       

Запорожьедаги турар жой биноларига уюштирилган ракета ҳужумида 11 киши ҳалок бўлди — фото

Шунингдек, вайроналар остидан 21 киши қутқариб олинган

Запорожьедаги турар жой биноларига амалга оширилган ракета ҳужумлари оқибатида 11 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабар берди. Шунингдек, яна 21 киши қутқариб олинган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати

«Манзилларнинг биридаги беш қаватли уйда 8 киши ҳалок бўлган, 6 киши қутқарилган бўлиб, уларнинг 5 нафари шифохонага ётқизилган. Яна бир манзилдаги тўрт қаватли уй вайроналари остидан уч кишининг жасади олиб чиқилган, 15 киши қутқарилган бўлиб, уларнинг 8 нафари шифохонага жўнатилган», — дейилади хабарда.

Фото: Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати

7 октябрь ҳолатига кўра, қутқарув ишларига 45 киши ва вазирликнинг 12 та махсус, шунингдек, коммунал хизматларнинг 5 та техникаси жалб этилган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати

6 октябрь куни Запорожье вилоятидаги кўп хонадонлик турар жой биноларига еттита ракета зарбаси амалга оширилганди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига кўра, қутқарувчилар вайроналар остидан уч кишининг жасадини чиқариб олган. Кейинроқ ҳужум оқибатида 7 киши ҳалок бўлгани, яна беш киши бедарак йўқолганлар рўйхатида экани маълум қилинганди.

Аввалроқ Россия ҳарбийлари 30 сентябрь тонгида Запорожье шаҳрида чиқаётган гуманитар колоннага ракета зарбаларини амалга оширгани тўғрисида хабар берилганди. Россия томонидан Запорожье вилоятининг эгаллаб олинган қисми маъмурияти вакили Владимир Рогов ҳам ичида тинч аҳоли бўлган машиналар колоннаси ўққа тутилганини айтган. У ҳужумда Украина қўшинларини айблаганди. Ҳужум оқибатида 30 киши ҳалок бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: