13:49 | 15.10.22

                       

Наманганда ўқувчини урган ўқитувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

География ўқитувчиси 5-синф ўқувчисини бутун синф қаршисида калтаклаган

Наманган вилояти ИИБ Давлатобод туманида ўқувчини калтаклаган ўқитувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Кадр: Telegram

Аввалроқ Давлатобод туманидаги 58-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчи синф хонасида бир ўқувчини калтаклагани тасвирланган видео кенг тарқалганди. Ўқитувчи болани барчанинг олдида баданининг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказган.

Вилоят ИИБ ҳолат бўйича суд тиббий экспертизаси тайинланиб, Наманган шахар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирганди. Шу куннинг ўзида мактабга борилиб, ҳолат назоратга олинган ҳамда ўқитувчи ва уқувчининг ота-онаси билан суҳбатлашилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухородаги таълим муассасасида ўқитувчи ўқувчини бўғгани, Бандихон туманида ўқитувчи дарсга тайёрланмаган ўқувчини калтаклагани тўғрисида хабар берганди. Шунингдек, Андижон вилояти Асака туманида ўқитувчи кетма-кет икки кун дарсдан қочиб кетиши ва дарс жараёнларига қатнашмаётгани сабаб  ўқувчи қизни калтаклаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: