16:45 | 24.10.22

                       

Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга боради

Давлат раҳбари у ерда Европа Иттифоқи—Марказий Осиё саммитида иштирок этади

Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Европа Иттифоқи—Марказий Осиё саммитида иштирок этиш учун Қозоғистон пойтахти Остонага ташриф буюради. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадовга таяниб ЎзА хабар берди.

Маълум қилинишича, давлат раҳбари бу ҳафта давомида, шунингдек, Европа Кенгаши президенти Шарль Мишелни қабул қилади. Учрашув кун тартибидан Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳакмкорлигини муҳокама қилиш ҳамда минтақавий ва халқаро долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш ўрин олган.

Шу билан бирга, шу иш ҳафтасидан бошлаб ҳудуд раҳбарлари жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича Президент ҳузурида ҳисобот беришни бошлайди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимидаги жорий ва келгуси устувор вазифалар юзасидан муҳокамалар режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти билан тор доирада музокара ўтказганди. Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев билан Сердар Бердимуҳамедов иштирокида кенгайтирилган музокаралар ўтказилгани, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида Стратегик шерикликни чуқурлаштириш декларацияси имзолангани хабар қилинганди. Шу билан бирга, давлат раҳбарининг Туркманистон парламенти юқори палатаси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашуви ҳам ташриф доирасида амалга оширилганди. Бундан ташқари Шавкат Миризёевга Туркманистон давлат университетининг фахрий профессори унвони ҳам берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: