23:27 | 09.12.22

                       

Путин янги йил олдидан Санкт-Петербургда МДҲ норасмий саммити ўтказилишини тасдиқлади 

Бу ҳақда у Бишкекдаги ЕОИИ саммитида гапирган

Аввалроқ Россияда декабрь ойи охирига қадар МДҲнинг норасмий саммити бўлиши ҳақида хабар берилганди. Россия президенти Владимир Путин янги йил арафасида Санкт-Петербургда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтишини тасдиқлади. Бу ҳақда унинг Бишкекдаги Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи саммитида сўзлаган нутқига таяниб, «Коммерсанть» хабар берди.

«Бугунги ишимиз доирасидан ташқарида, биз сизни Санкт-Петербургда МДҲ раҳбарларининг янги йил арафасида бўлиб ўтадиган норасмий йиғилишида кутаётганимизни эслатмоқчиман», — деди президент ўз ҳамкасбларига.

МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг аввалги норасмий учрашуви Владимир Путиннинг туғилган кунида, 7 октябрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтганди. Норасмий саммитда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этганди.

МДҲнинг янги йил олдидан норасмий саммити 2021 йил 28 декабрда ҳам бўлиб ўтган. Ўшанда Ҳамдўстлик мамлакатлари раҳбарлари Борис Елцин номидаги президент кутубхонасида учрашишган. Унда «Роспотребнадзор» раҳбари Анна Попова ҳам иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил октябрь ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ташкилот саммити ўтказилганди. Саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашган. Шунингдек, Мирзиёев Остонадаги МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида ҳам иштирок этган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: