16:54 | 14.10.23

                       

Илон Маск Қозоғистондаги икки мингта мактабни Starlink интернет тармоғига улайди

Мазкур глобал сунъий йўлдош тизими юқори тезликдаги интернетга уланиш имконини беради.

Америкалик миллиардер Илон Маск Қозоғистондаги икки мингта қишлоқ мактабини Starlink интернет тармоғига улашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, SpaceX’нинг Starlink бизнес операциялар бўйича директори Лорен Драйер Қозоғистон мактабларини Starlink’ка улаш бўйича ҳамкорликни таклиф қилган.

«Starlink билан дастлабки келишувга кўра, SpaceX технологиясидан фойдаланган ҳолда икки мингта қишлоқ мактабини интернет тармоғига улаш режалаштирилган», дейилади хабарда.

Шунингдек, вазирлик компания вакилига ҳамкорликнинг кейинги босқичлари ҳақида маълумот беришини билдирган.

Маълумот учун, Starlink глобал сунъий йўлдош тизими бўлиб, Илон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан юқори тезликдаги кенг полосали интернетга уланишни таъминлаш учун яратилган. Лойиҳани ишлаб чиқиш 2015 йилда бошланган, синов прототиплари 2018 йил 22 февралда муваффақиятли ишга туширилган ва SpaceX 2020 йил октябр ойида Starlink орқали Интернетга тижорий хизматларни тақдим қила бошлаган. Бугунги кунга келиб Starlink тармоғи етти минтақадаги 60 дан ортиқ давлатларда икки миллиондан зиёд фаол фойдаланувчиларга эга.

Тармоққа уланиш учун фойдаланувчи тахминан 500 доллар турадиган махсус антенна, штаб ва роутердан иборат тўпламни харид қилиш зарур бўлади. Бундан ташқари, ҳар бир фойдаланувчи ойига 99 АҚШ доллари миқдорида абонент тўловини тўлаши керак.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: