15:11 | 13.05.24

                       

Ўзбекистон Қозоғистонга 922 млн куб метр сув етказиб беради

Ўзбекистон Қозоғистонга 922 млн куб метр сув етказиб беради. Маълумот учун, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда 7 миллиард куб метр сув танқислиги кузатилиш эҳтимоли бор.

Қозоғистон 2024 йилги суғориш мавсумида Ўзбекистондан Дўстлик канали орқали 922 миллион куб метр сув олади. Бу ҳақда давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиясининг 86-йиғилишида маълум қилинди.

Таъкидланишича, йиғилишда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон вакиллари иштирок этган.

Туркистон вилоятидаги Шардара сув омборида 4,8 миллиард куб метр сув тўпланган. Қозоғистон жанубидаги далаларни суғоришда фойдаланиладиган Тўқтагул сув омборида (Қирғизистон) 8 миллиард куб метр сув йиғилди. Йиғилишда, шунингдек, Норин—Сирдарё сув омборлари каскади ишининг 2024 йилнинг 30- сентябрига қадар прогноз жадвали тасдиқланди.

Иштирокчилар йил бошидан буён Қозоғистон раислик қилаётган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасидаги ишларни ҳам алоҳида муҳокама қилди. Қозоғистон барча ташкилий ишларни якунлаган. Шунингдек, “Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик механизмини яратиш тўғрисида”ги шартнома лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.

«Ҳозирда биринчи галдаги вазифамиз тошқин сувини йиғишдир. Биз уни Каспий денгизи, Балхаш, Қамиш-Самар кўлларига, Улитов вилоятидан Қизилўрда вилояти кўлларига ва бошқаларга жўнатамиз. Шу билан бирга жанубий вилоятларни сув билан таъминлаш ҳам муҳимдир. Бу борада эса сув дипломатияси муҳим аҳамиятга эга», — деди Қозоғистон сув хўжалиги ва ирригация вазири.

Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссияси навбатдаги йиғилиши 2024 йилнинг сентябрида Туркманистонда бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, 2030 йилга бориб мамлакатда 7 миллиард куб метр сув танқислиги кузатилиши ҳамда бунинг оқибатда Ўзбекистон дунёдаги сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиш эҳтимоли мавжуд.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: