20:39 | 13.05.24

                       

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида қўшимча авиақатновлар йўлга қўйилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида қўшимча авиақатновлар йўлга қўйилади. Икки давлат транспорт вазирлари учрашди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида транспорт ва логистика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланди. Бу ҳақда Казинформ хабар берди.

Маълум қилинишича, Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири Марат Қарабаев билан учрашди. Учрашувда ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятлари хамда халқаро транспортни ривожлантириш, темир йўл ва автомобиль транспорти, транспорт инфратузилмасини қуриш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

«Ўтган йили автомобилларда экспорт-импорт юк ташиш ҳажми 6 фоизга ошиб, 1,8 миллион тоннани ташкил этди. Умумий юк ташиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришда ижобий силжиш кузатилмоқда», — деди Марат Қарабаев.

Фуқаро авиацияси транспорт-логистика марказининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Ҳозирда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳафтасига 37 та рейс амалга оширилмоқда.

Музокаралар чоғида рейслар сонини ошириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш, Астана-Тошкент йўналиши бўйича рухсат этилган рейслар сонини ҳафтасига 12 тадан 36 тага, Алмати-Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига 20 тадан 36 та рейсга кўпайтириш, бошқа йўналишларда эса ҳафтасига 4 тагача рейсни оширишга келишиб олдилар.

Шунингдек, икки давлат ўртасида юк ташиш ва транзит ҳукуматлараро келишувга мувофиқ рухсатномасиз амалга ошириладиган бўлди.

Учрашув якунларига кўра, томонлар Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида 2024-2025 йилларда транспорт ва логистика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни имзоладилар.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: