16:45 | 13.05.24

                       

Тошкентда уй-жой нархлари ўсиши тезлашди

Тошкентда уй-жой нархлари ўсиши тезлашди. Энг кўп ўсиш пойтахтнинг 3 туманида кузатилган.

Тошкент шаҳрида иккиламчи (эски) уй-жойларнинг ўртача нархи йил давомида қарийб 13 фоизга ошди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассисларининг ҳисоботида келтирилди.

Маълум қилинишича, 2024 йилнинг апрель ойида иккиламчи уй-жой нархи 0,7 фоизга пасайди, йиллик кўрсаткичларда эса иккиламчи уй-жой нархи 11,6 фоизга ошди.

Иккиламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши қуйидаги вилоятларда қайд этилди:

  • Тошкент — 23,6 фоиз;
  • Бухоро — 21,3 фоиз;
  • Хоразм — 20,5 фоиз.

Ўз навбатида, Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой нархларининг ўсиши тезлашди. Март ойида пойтахтда иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи атиги 0,2 фоизга кўтарилган бўлса, апрель ойида 1,1 фоизга ошган.

Нарх ўсишининг энг юқори суръатлари Бектемир — 3,8 фоиз, Яккасарой — 3,6 фоиз ва Чилонзор — 3,1 фоиз туманларида қайд этилди.

Умуман, апрель ойида Ўзбекистон уй-жой бозоридаги фаоллик ўсди. Ушбу ойда битимлар сони 11,2 фоизга ошиб, савдолар 20 мингта битимни ташкил этди.

Ҳудудлар бўйича кўчмас мулк бозоридаги фаолликнинг энг катта ўсиши Навоий (24 фоиз) ва Сирдарё вилоятларида (22,3 фоиз) шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида (23,5 фоиз) қайд этилди. Пойтахтнинг уй-жой бозорида битимлар сони эса ой давомида 6,5 фоизга ошди.

Бирламчи бозордаги қизиш давом этмоқда. Нархларнинг йиллик ўсиши сўмда 39,0%ни, долларда 26,2%ни ташкил этган.

Ижара нархларида Республика бўйича барқарорлик сақланаётган бўлса (+1,4%), Тошкент шаҳрида йиллик пасайиш долларда 9,2%дан иборат бўлган.

Маълумот учун, ҳудудлар бўйича кўчмас мулк бозоридаги фаолликнинг энг катта ўсиши Навоий ва Сирдарё вилоятларида 24 ва 22,3%га, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 23,5%га қайд этилди.

Апрель ойида пойтахтнинг ижара бозори яна пасайиш динамикасини кўрсатди. Харид қилиш фаоллиги 4,6%га камайди ва 1 квадрат метр уй-жой нархи 8,3 долларни ташкил этди.

Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара ҳақи ҳали ҳам юқори, бу ерда ҳар квадрат метр учун ўртача ижара ҳақи 10,4 долларни ташкил этади.

Олмазор, Сергели ва Бектемир туманларида нисбатан арзон ижара уй-жойлари сақланиб қолмоқда, бу ҳудудларда ўртача ижара нархи ҳар квадрат метр учун 6,3 долларни ташкил этади.

Шу билан бирга, ўтган йилнинг апрель ойига нисбатан Тошкент шаҳрида ижара бозори 6,9%га қисқарган. Шундай қилиб, нархларнинг энг кўп пасайган ҳудудлар Яшнобод 11,6%, Яккасарой 11,1% ва Шайхонтоҳур 10,5% бўлди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: