14:52 | 14.03.24

                       

Польшанинг LOT Polish Airlines авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам рейсларни амалга оширади

Варшава-Тошкент-Варшава рейслари ҳафтасига 3 марта, апрелдан эса 4 марта амалга оширилиши режалаштирилган.

Бугун.uz мухбири Тошкент халқаро аэропортида бўлиб Польшанинг LOT Polish Airlines авиакомпаниясининг биринчи рейсининг очилиш маросимидан хабар етказди.

LOT Polish Airlines пандемиядан кейин Ўзбекистонга парвозларни бошлаган биринчи Европа компанияси бўлди. Биринчи рейс билан 50 кишидан иборат делегация, жумладан, таниқли журналистлар, блогерлар ва туроператорлар ҳамда 178 нафар йўловчи етиб келди.

Варшава-Тошкент-Варшава рейслари март ойида ҳафтасига 3 марта, апрель ойидан эса ҳафтасига 4 марта амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур рейслар Ўзбекистон ва Европа давлатлари ўртасида сайёҳлар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

“Доимий авиақатновларнинг йўлга қўйилиши нафақат маданий, балки туристик ва иқтисодий алоқаларни ҳам ривожлантириш имконини беради. Кўплаб сайёҳлар энди LOT Polish Airlines бортида уча олади”, — деди Польша маданият ва миллий мерос вазири ўринбосари Бозена Зелазовска.

LOT Polish Airlines бош директори Михал Фийолнинг таъкидлашича, қулай транзит пункти бўлган Варшаванинг Шопин аэропортидан Тошкент йўловчилари Европа ёки Шимолий Американинг 80 га яқин шаҳарларига етиб боришлари мумкин.

“Варшава ва Тошкент ўртасида авиақатновларнинг очилиши биз учун Европа билан ҳаво алоқаларини ўрнатишда муҳим қадам бўлди. Биз буни нафақат авиакомпания ва аэропорт ҳамкорлиги сифатида кўрмоқдамиз – ҳаво қатнови ҳар икки томон туризмини ривожлантиришда янги саҳифа очади”, — дея қўшимча қилди Uzbekistan Airports раҳбари Жавлонбек Умархўжаев.

Хорижий делегация учун парвозни расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Туризм қўмитаси томонидан Тошкент шаҳрининг барча асосий диққатга сазовор жойларига «Шаҳар саёҳати» ташкил этилди.

Ташрифнинг иккинчи кунида Туризм қўмитаси томонидан Польша сайёҳлик операторлари, блогерлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Самарқанд шаҳрига бир кунлик пресс-тур ташкил этилади. Пресс-тур иштирокчилари Самарқанд вилояти мисолида туризм соҳасида рўй бераётган ўзгаришлар ва янгиланишлар билан яқиндан танишадилар.

Авиачипталарни Lot.com авиакомпаниясининг расмий веб-сайтида, шунингдек, авиакассалар ва сайёҳлик агентликларидан сотиб олиш мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: