11:23 | 13.10.22
Улардан бири гиёҳванд моддалар савдоси, бошқаси эса молиявий пирамида билан боғлиқ жиноятларни содир этган
Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан оғир жиноятлар содир этган халқаро қидирувдаги икки нафар жиноятчини экстрадиция қилиш тартиби амалга оширилди. Бу ҳақда бюро матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон, Украина, Польша ва Туркия Миллий марказий бюролари ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор ҳаракатлари ҳамда Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси вакилларининг бевосита ёрдами билан оғир жиноятлар содир этган икки нафар жиноятчи Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Уларнинг бири гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбланган бўлиб, узоқ вақт давомида чет элда яшириниб келган ва тезкор тадбирлар натижасида украиналик ҳамкасблар томонидан ҳибсга олинган.
Иккинчиси эса Ўзбекистонда интернетда яратилган молиявий пирамидага 2 млн доллар миқдорида сармоя киритган икки мингдан ортиқ фуқарони алдаган. У ҳам хорижий давлат ҳудудида ҳибсга олинган.
Бош прокуратура томонидан экстрадиция қилиш тўғрисидаги илтимоснома тасдиқлангандан сўнг, Интерпол ММБ ходимлари ҳамроҳлигида жиноятчилар муносиб жазо олиш учун Ўзбекистонга олиб келинган.
Аввалроқ Польша зўрлашда айбланган ўзбекистонлик эркакни Тошкентга экстрадиция қилгани, Интерпол Нью-Йоркда қидирувдаги ўзбекистонлик эркакни қўлга олгани, Россияда Ўзбекистон Интерполи томонидан қидирувда бўлган эркак ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: