18:42 | 27.01.23

                       

Human.uz нашри раҳбарияти «орган ходимлари» томонидан қўлга олиниши юзасидан қўшимча маълумот берилди

АОКА ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга сўров юборилганини маълум қилди

Human.uz сайтининг директори Хуршид Далиев, бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва таҳририятнинг бошқа ходимлари Тошкент давлат аграр университети ҳудудида жойлашган офисидан бугун, 27 январь, соат 10:00 атрофида олиб кетилганлиги ҳақида таҳририят расмий Telegram-канали хабар қолдирди. Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Рақамли технологиялар вазирлигига тегишли сўров юборганини маълум қилди.

Хабарда келтирилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқаролардан ушбу интернет-нашрда ишловчи ходимлар билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларга асосан Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уйда тезкор тадбир ташкил этилган. Тез орада ушбу ҳолат юзасидан батафсил маълумот берилиши таъкидланган.

Бундан ташқари, Рақамли технологиялар вазирлигининг маълумотига кўра, human.uz веб-сайти Қонунчилик билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган интернет тармоғи реестрига киритилмаган ва Ўзбекистон ҳудудида ундан фойдаланилишига чеклов қўйилмаган.

Шунингдек, АОКА ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни human.uz интернет-нашри ходимлари билан боғлиқ вазиятда амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилишга ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга чақирган.

Bugun.uz’нинг бир-биридан мустақил уч манбасига таяниб, Хуршид Далиев ва Муслим Мирзажонов «бир гуруҳ шахслар томонидан ўта йирик миқдорда товламачилик содир этганлик» билан боғлиқ жиноят иши доирасида гумонланиб қўлга олингани ҳақида хабар берганди.

Аввалроқ, Kun.uz’нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаси маълумотларига кўраҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва сайт масъулларидан ташқари давлат ташкилотларида ишловчи бошқа шахслар ҳам процессуал тартибда ушланган. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Human.uz интернет нашри журналистларининг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятдан хавотирдалигини билдирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: