18:39 | 18.12.23

                       

Фарғонада «аптека» мудири психотроп моддалар сотгани аниқланди

Бухоро ва Навоийда дорихона сотувчилари кучли таъсир қилувчи дориларни шифокор рецептисиз берган вақтида ушланди.

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги «Р.» МЧЖга қарашли дорихона мудири М.И. харидорга таркибида кучли таъсир қилувчи моддалари мавжуд бўлган уч хил турдаги 138 дона дори воситасини сотган вақтида ушланди. Дорихонадан жами 1293 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида олинди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент

Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Навоий вилоятининг Навоий шаҳридаги «К.М.» хусусий корхонасига қарашли дорихона сотувчиси Д.Н. харидорга 50 дона «Редуксин» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини шифокор рецептисиз сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Бундан ташқари, Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги «Ф.М.» МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси Ф.И. ҳеч қандай ҳужжатсиз тўрт дона «Габанерв» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро M.Ш.гa сотган вақтида ушланди. Дорихонадан жами 198 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) ҳамда 186-3-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ва Тошкентда психотроп дори воситасини сотаётган шахслар ушлангани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Фарғона ва Бухоро вилоятларида тиббиёт ходимлари психотроп дорилар сотгани маълум бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: