11:46 | 05.10.21
Аввалроқ ҳужжатларга алоқадор сиёсатчилардан бири айбини тан олганди
Бир нечта дунё раҳбари, сиёсатчи ва миллиардерларнинг махфий бойлик ҳамда молиявий ҳужжатлари фош этилган «Пандора ҳужжатлари» эълон қилинганди. Эндиликда Гулнора Каримова билан боғлиқ «Пандора ҳужжатлари» маълумотлари очиқланди.
Маълум қилинишича, ушбу маълумотлар телекоммуникация соҳасидаги консультант Борис Жонсоннинг бош вазир бўлиш кампаниясини молиялаштирган консерваторлар партиясининг йирик донори Муҳаммад Амерси билан боғлиқ.
Қайд этилишича, у 2010 йилда Швециянинг «Telia» компанияси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган пайтида офшор ширкатига 220 миллион доллар тўлов ўтказиш жараёнида иштирок этган. АҚШ ҳукумати томонидан ушбу маблағ пора сифатида кўрсатилган.
«Telia» ўша пайтда Ўзбекистондаги фаолияти учун янги рухсатнома олишга интилаётган бўлган. Ушбу ҳаракат АҚШ Адлия вазирлиги тарафидан «Telia» ширкати ва унинг баъзи мулозимларига қарши қўзғатилган ишнинг бир қисми сифатида ҳам кўрилади. Аммо ушбу иш 2017 йилда судга ўтмасдан тўхтатилган. Бунга «Telia» компаниясининг коррупцияга доир қонунларни тан олгани ва 965 миллион доллар жарима тўлашга розилик бергани сабаб бўлган.
«Telia» расмийлари Швецияда Гулнора Каримова билан ноқонуний муомала қилишда айбланган, аммо суд бу ишда мамлакатнинг порахўрлик тўғрисидаги қонунларини бузилмаган деб топиб, компанияни оқлаган.
Амерси адвокатларининг сўзларига кўра, офшор компания «Telia» томонидан тўлиқ текширилган ва тасдиқланган. Амерсининг ўзи лойиҳада атиги олти ҳафта ишлаган.
Аввалроқ Путиннинг «Пандора ҳужжатлари»га алоқадор экани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилганди. Шунингдек, «Пандора ҳужжатлари»га алоқадор сиёсатчилардан бири айбини тан олганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: