14:19 | 23.08.21
У «General Motors», «ГАЗ», «АвтоВАЗ» каби компанияларда ишлаб келган
«Ўзавтосаноат» Бу Андерссонни ўзининг энг йирик корхоналари — «UzAutoMotors» ва «UzAutoMotors Powertrain»ларнинг бош директори этиб тайинлади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.
Қайд этилишича, Швеция Ҳарбий Академияси ҳамда Гарвард университетининг олий менежмент программаси битирувчиси, Стокгольм университетининг бизнес бошқаруви бакалаври Бу Андерссон автомобилсозлик соҳасидаги топ-менежер бўлиб, автомобилсозлик соҳасидаги фаолиятини 1987 йилдан Швециянинг «Saab Automobile AB» компаниясида бошлаган.
Шунингдек, 1993 йилдан 2009 йилгача харид йўналишида турли рахбар лавозимларни эгаллаган ва 2001–2009 йилларда «General Motors»нинг глобал харид бўлинмасига раҳбарлик қилган. 2009 йилдан 2013 йилгача «Группа ГАЗ» корхонасига президентлик қилган. Бу даврда Андерссон «Группа ГАЗ» бизнесини зарардан барқарор фойдага олиб чиқишга эришган.
Хабарга кўра, у 2014 йилдан 2016 йилгача «АвтоВАЗ» президенти этиб тайинланган. «Группа ГАЗ»да бўлгани каби Андерссон «АвтоВАЗ»да ҳам тўлиқ трансформацияни амалга оширган. У «АвтоВАЗ»ни тарк этгач, энг йирик автомобил бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган «Yazaki Europe, Africa, North & South America» корпорациясига 4 йил раҳбарлик қилган.
«‘UzAutoMotors’ ва ‘UzAuto Motors Powertrain’ компанияларига яримўтказгичлар танқислиги ва логистика муаммолари билан боғлик глобал инқирозларни энг кам йўқотиш билан енгишга ҳамда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизациялашнинг янги йўналишини эгаллашга имкон беради. ‘UzAutoMotors’ ва ‘UzAuto Motors Powertrain’ Ўзбекистон автомобилсозлик саноатидаги давлатга қарашли ‘Ўзавтосаноат’нинг йирик шўба корхонаси бўлиб, ‘General Motors’ билан техник лицензия шартномаси асосида ‘Chevrolet’ енгил автомобилларини ишлаб чиқаради», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўатмиз, аввалроқ Рустам Ражабов «UzAutoMotors» бош директори этиб тайинланганди. У компаниянинг 2021 йилдаги натижалари кўриб чиқилгунга қадар, бироқ 2022 йил 30 июндан кеч бўлмаган бир йиллик муддатга тайинланган.
Бундан ташқари, «UzAuto Motors»га тегишли UzAvtoSavdo иловасида «Spark» автомашинаси учун контрактация тақдим этиш тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалган. «Bugun.uz» мухбири мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида компания матбуот хизматидан изоҳ олган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: