13:12 | 29.03.24

                       

Бешта туман ҳудудидан 34 гектар ер 30 йил муддатга ободонлаштириш бошқармаларига берилади

Бешта туман ҳудудидан 34 гектар ер 30 йил муддатга ободонлаштириш бошқармаларига берилади. Ҳар 1 гектар учун маҳаллий бюджетдан 100 миллион сўм ажратилади.

Автомобиль ва темир йўл бўйлари, дарё ва канал ёқаларида, маҳаллада, кўчада, кўп қаватли массивларда дарахт ва гул экиш, озодаликни таъминлаш ишлари сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Қурилиш ташкилотлари, цемент, ғишт, оҳак, нефть-газ ва кимё, бўёқ, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, иссиқлик корхоналари, ёқилғи қуйиш шохобчалари ўз фаолияти билан атроф-муҳитга кўрсатаётган таъсирига яраша дарахт экиш бўйича ташаббус кўрсатмаётгани қайд этилди.

Умуман, дарахт экишни оммалаштириш, умуммиллий ҳаракатга айлантиришда тарғибот ва тушунтириш ишлари етарлича олиб борилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари «Яшил макон» доирасидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.

Тошкент вилоятида дарахт экиш бўйича бошланган лойиҳага кўра, Нурафшон, Бекобод шаҳри, Ўртачирчиқ, Тошкент ва Оҳангарон туманлари ҳудудидан 34 гектар ер 30 йил муддатга ободонлаштириш бошқармаларига берилади. Ҳар 1 гектар учун маҳаллий бюджетдан 100 миллион сўм ажратилиб, томчилатиб суғориш тизими жорий қилинади. Ер тайёр ҳолга келтирилиб, дарахт экиш хоҳиши бор аҳолига ўзи истаган турдаги кўчатни экиши учун шароит яратилади.

Бу ташаббус маъқулланиб, ҳар бир вилоятда камида 20 гектардан ер ажратиб, ушбу тажрибани бошлаш топширилди. Вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарларидаги камида 2 тадан марказий кўчада маҳаллий иқлимга мос гул кўчатларини экиб, уларни тематик кўчага айлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: