23:15 | 11.08.24
Болаларда энг кўп учрайдиган икки томонлама маймоқлик хасталиги ҳақида маълумот берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати болаларда икки томонлама маймоқликни бутунлай даволаш мумкинлигини маълум қилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда дунё миқёсида болалар орасида оёқ кафтидаги туғма нуқсонлар кўп учрамоқда. Улардан бири маймоқликдир.
«Маймоқлик — болалар орасида энг кўп учрайдиган ортопедик хасталиклардан бири. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда ўрта ҳисобда ҳар 1000 нафар боланинг 4 нафари ушбу касаллик билан дунёга келмоқда», — деди мутахассис.
Унинг келиб чиқишига ирцият, генетик хасталиклар, ҳомиладорлик даврида онанинг қоғоноқ сувлари камлиги ёки бачадон ҳолатининг нотўғри жойлашуви, ҳомиладор аёлда авитаминоз ва нерв толаларининг бирламчи етишмаслиги ҳамда ҳомила мускул-бойлам аппарати ривожланишининг бузилиши каби бир неча омиллар сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, ҳомиладорлик вақтида онанинг турли инфекцион касалликларга чалиниши, кучли депрессия ҳолатида бўлиши ва носоғлом турмуш-тарзи оқибатида ҳам маймоқликнинг юзага келиш эҳтимоли юқори.
Хасталикка ташхис қўйиш мураккаб жараён эмас. Агар болада туғма маймоқлик бўлса, туғуруқхонанинг ўзидаёқ илк аломатларини илғаш мумкин. Яъни малакали доялар чақалоқ оёқларининг тузилишидан келиб чиқиб, ортопед кўригини тавсия этади.
Туғруқхонадан чиққач, роппа роса бир ойдан сўнг болани ортопед-шифокор кўригига олиб бориш керак. Мутахассис маймоқликнинг тури ва даражасини аниқлаб, аввалига даволаш гимнастикаси ҳамда уқалаш машқларини тавсия этади. Шу тариқа болакайни гипс қўйишга босқичма-босқич тайёрлаб бориш лозим. Чунки дабдурустдан гипс қўйиш кутилган натижани бермаслиги мумкин.
Маймоқлик уч асосий белгига кўра тасдиқланади: супинация — оёқ панжасининг ўз ўқи атрофида айланиши, эквинус — оёқ панжасининг пастга тушиши ҳамда оёқ олди қисмининг ичкарига томон бурилиши.
Мана шу аломатлар биргаликда намоён бўлсагина маймоқлик ташхиси қўйилади. Оёқни ичкари тарафга буриб қадам ташлаш боладаги рахит ёхуд тизза, сон-чаноқ патологиясининг аломати бўлиши ҳам мумкин.
Маймоқликнинг туғма шаклидан ташқари иккиламчи кўриниши ҳам мавжуд. Бу, асосан, неврологик касалликлар ва жароҳатдан кейинги нотўғри суяк битиши асоратидир. Маймоқлик ҳар икки ёки бир оёқда бўлиши мумкин. Шуни ёддан чиқармаслик керакки, ҳатто, икки томонлама маймоқликда ҳам болакай тўлиқ соғайиб кетади. Фақат бунинг учун ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Даволаш гимнастикаси ва уқалаш муолажаларидан сўнг оёқ суяги гипс боғламини қўйишга тайёр ҳисобланиб, асосий даволаш босқичи бошланади. Аввалига гипс боғлами ҳар ҳафтада бир маротаба алмаштириб турилади. Баъзи болаларда бу усул бир-икки ой қўлланса, айрим беморлар учун олти-етти ой керак бўлади.
Бу болакайнинг организми, касаллик даражаси, қолаверса, ота-онанинг парвариши ва эътиборига боғлиқ. Гипс боғлами босқичма-босқич янгилаб борилаётган пайтда муолажаларни кечиктириш ёки ўтказиб юбориш мумкин эмас. Шу боис бу даврда ота-оналар фарзанди саломатлигига ҳар қачонгиданда эътиборли бўлишлари зарур.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: