21:12 | 16.12.22

                       

Бугун оқшоми. Мирзиёев таклиф қилган резолюцияни қабул қилган БМТ, Россиядан қарзи ортиб бораётган Ўзбекистон, жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Нурудинов

@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Руслан Нурудинов икки карра жаҳон чемпионига айланди

Рио олимпиадаси чемпиони ва рекордчиси Руслан Нурудинов яна катта саҳнага чиқди. Бу сафар у Колумбияда ўтказилаётган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида 109 килограмм вазн тоифасида бир йўла учта олтин медални қўлга киритиб, мусобақанинг мутлақ ғолибига айланди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Нурудинов даст кўтариш машқида 177 килограмм, силтаб кўтаришда 220 килограмм ва умумий ҳисобда 397 килограмм билан ушбу вазн тоифасида тенгсиз эканини кўрсатиб, 3 йўналишда олтин медалларга эгалик қилган. Бу унинг фаолиятида дунё биринчилигидаги иккинчи чемпионлик. Ўзбекистонлик спортчи энг яқин таъқибчисини 8 килограммга ортда қолдиришга эришган.

Шу тариқа у икки бор жаҳонда тенгсизлигини исботлаган илк ўзбек оғир атлетикачисига айланди.

«Ўзбекистонда соқол қўйишга тақиқ йўқ» — Шоҳрух Ғиёсов

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида соқол ҳақидаги саволга жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда эътиқод ва соқол «эркинлиги»га ҳеч қандай тақиқ йўқ. Ўтган йили пойтахтдаги «Малика» бозорида содир бўлган ҳолатда эса жиноятга алоқадор бўлган шахслар олиб кетилган. Ўшанда бозордаги дўконда ака-укалар пичоқлашгани таъкидланган.

Фото: АОКА

Ўзбекистоннинг Россия олдидаги қарзи бир йилда 77 фоизга ўсди

Ўзбекистоннинг Россия олдидаги қарзи 2021 йилда йилда 77 фоизга ўсиб, 254,7 миллион долларни ташкил этган. Бу жиҳатга кўра, мамлакат Россиядан қарзи энг тез ўсган давлат сифатида қайд этилган. Шунингдек, Россиядан энг кўп қарз олган давлатлар Беларусь (8,5 миллиард доллар), Бангладеш (4,4 миллиард доллар) ва Ҳиндистон (3,3 миллиард доллар) бўлиб турибди.

Шунингдек, Россиядан қарздорлар рўйхатида 1992 йилда бери илк бор Эрон ҳам пайдо бўлган. Форслар 30 йил аввал 251,3 минг доллар қарз олган бўлса, 2021 йил учун уларнинг қарз миқдори 6 миллион долларни ташкил этган.

БМТ Бош ассамблеяси Шавкат Мирзиёев таклиф этган резолюцияни бир овоздан маъқуллади

БМТ Бош ассамблеяси 14 декабрь куни «Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюцияни бир овоздан маъқуллади.

Ушбу резолюцияни қабул қилиш таклифи Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган эди.

Маълум қилинишича, резолюцияда COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликни таъминлаган ҳолда кенг кўламли, барқарор ва изчил тикланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва ҳар томонлама ҳамкорликка содиқликни мустаҳкамлашда парламентларнинг муҳим ўрни қайд этилади.

Бош ассамблея давлатларни парламентларни қўллаб-қувватлашга, уларни БРМга эришиш бўйича келгуси фаолият ва уларнинг эришилишини кузатиш жараёнларига, айниқса, ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлашга жалб қилиш, шунингдек, миллий масъулият ва ҳисобдорликни таъминлаш ва кучайтириш учун уларга ёрдам беришга чақиради.

Хотин-қизларнинг қонун чиқарувчи органлар ишида ва парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокига кўмаклашиш орқали БРМга эришишни жадаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг марказий омили сифатида гендер тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

2030 йилга қадар бўлган даврдаги кун тартибининг муваффақиятли амалга оширилишида ёшларнинг ўрни ва ҳиссаси муҳимлиги, ёшларнинг парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокини таъминлаш зарурлиги эътироф этилган.

Дунёнинг барча қитъаларидаги 80 та давлат, шу жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари, Австрия, Бангладеш, Баҳрайн, Бельгия, Германия, Жазоир, Испания, Индонезия, Италия, Колумбия, Корея Республикаси, Малайзия, Миср, Нидерландия, Норвегия, Покистон, Португалия, Россия, Сингапур, Финляндия, Франция, ХХР, Швеция, Япония, Қатар ва бошқалар ҳужжатнинг ҳаммуаллифлари бўлди.

БМТ тузилмалари ва бошқа халқаро ташкилотлар резолюцияни олқишладилар. Резолюция парламентлар учун ўзига хос дастуриламал бўлиши, БРМни жадал амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларини фаоллаштириши қайд этилмоқда.

Парламентлараро иттифоқ ушбу ҳужжатни 2023 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеяси 78-сессиясининг Олий даражадаги ҳафтаси доирасида бўлиб ўтадиган БРМ саммитига тайёргарлик йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади.

БАА, Франция ва Хитой компаниялари Ўзбекистонда қуёш фотоэлектр станцияларини қуради

БАА, Франция ва Хитой компаниялари Ўзбекистонда учта қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича тендерда гўлибликни қўлга киритди.

Қайд этилишича, 15 декабрь куни Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВт бўлган 3 та қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича ўтказилган тендер танловларида ғолиб инвесторлар аниқланган.

Тендерлар натижаларига кўра:

  • Masdar компанияси Бухоро вилоятида 250 МВт қувватга эга лойиҳа бўйича ғолиб бўлган;
  • Voltalia SA компанияси Хоразм вилоятида 100 МВт қувватга эга лойиҳа бўйича ғолиб деб топилган;
  • GD Power-Powerchina консорциуми Наманган вилоятида 150 МВт қувватга эга лойиҳа бўйича ғолиб деб топилган.

Ғолиб бўлган инвесторлар қуёш фотоэлектр станцияларини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.

Кейинроқ Наманган вилоятидаги фотоэлектр станцияси учун таклиф қайта кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Қайд этилишича, Наманган вилоятида 150 МВт қувватли лойиҳа учун GD Power-Powerchina консорциуми (Хитой) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бир киловатт-соат электр энергиясини 4,828 АҚШ центида етказиб бериш таклифи қиммат ҳисобланади.

Шу муносабат билан Энергетика вазирлиги ушбу таклифни жуда қиммат деб ҳисоблайди ва ушбу лойиҳа бўйича тарифни оптималлаштириш юзасидан қўшимча музокаралар ўтказилишини маълум қилган.

«Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур лойиҳани амалга оширишда электр энергияси тарифини камайтириш чоралари кўрилади ва станциянинг қурилишида хавфсизлик томонларига алоҳида эътибор берилади. Ушбу лойиҳа бўйича ўтказиладиган музокаралар натижаси юзасидан қўшимча маълумот берилади», дейилади хабарда.

Россия ТИВ Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ иттифоқи музокараларига изоҳ берди

Россия ТИВнинг махсус топшириқлар бўйича элчиси Юрий Cентюриннинг айтишича, Россия газ иттифоқи бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон билан музокаралар давом этмоқда, мунозараларнинг ОАВ талқинига ишонмаслик керак.

Унинг айтишича, Москвада «музокаралар бўйича шериклардан олинган иқтибослар медиа маконда қандай пайдо бўлиши, контекстдан юлиб олинганига» эътибор қаратилган.

“…Айниқса, Ўзбекистонда бунга урғу берилмоқда. Ва шундан келиб чиқиб, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз бу ишни қандайдир тарзда қабул қилмаяпти, деган хулосага юзага келмоқда. Ҳозирда музокаралар якунланмаган, улар давом этяпти», — дейди Cентюрин.

Дунёда нима гап?

FIFA Жаҳон чемпионати финали олдидан Зеленскийнинг хабарини эфирга узатишдан бош тортди

FIFA Украина президенти Владимир Зеленскийнинг жаҳон чемпионатидаги сўнгги ўйин олдидан ўз хабарини эфирга узатиш ҳақидаги илтимосини рад этди.

Маълум қилинишича, Украина президенти идораси FIFA’дан сўнгги ўйин бошланишидан олдин Қатардаги стадионда Владимир Зеленскийнинг хабарини эфирга узатишни сўраган. Президент идораси нутқнинг жонли варианти ёки аксинча ёзиб олинган шакли эфирга узатилиши ҳақида маълумот бермаган.

CNN хабарига кўра, Украина президенти идорасида FIFA’нинг салбий жавоби ҳайрат билан кутиб олинган. «Биз FIFA ўз майдонларидан яхши мақсадда фойдаланишни хоҳлайди деб ўйлагандик», деди CNN манбаси. Унинг сўзларига кўра, рад жавоби олинишига қарамай, FIFA билан музокаралар давом эттирилмоқда.

Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати финал учрашуви 18 декабрь куни Аргентина ва Франция терма жамоалари ўртасида Лусаил стадионида ўтказилади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 20:00 да бошланади.

Нашрнинг ёзишича, Зеленский Канн кинофестивали, Гремми мукофотининг тақдирлаш маросимидан тортиб «Йигирмалик гуруҳи» давлатларининг Индонезиядаги саммитигача ҳар бир йирик тадбирда видео орқали кўриниш бермоқда ва шу орқали Украинадаги урушга дунё эътиборини янада кўпроқ жалб қилишга интилмоқда.

Европа Иттифоқи Россияга қарши тўққизинчи санкциялар пакетини эълон қилди

Европа Иттифоқи Кенгаши Россияга қарши тўққизинчи иқтисодий ва индивидуал санкциялар пакетини тасдиқлади.

Қайд этилишича, Россиянинг Украинага қарши давом этаётган тажовузкор урушига, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қилинган ҳужумга жавобан, Кенгаш 16 декабрь куни Россия ва унинг ҳукуматига босимни кучайтиришга қаратилган янги чора-тадбирларнинг тўққизинчи пакетини қабул қилди.

Санкцияларнинг тўққизинчи пакети қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Европа Иттифоқи фуқароларининг Россиядаги давлатга тегишли ёки давлат томонидан назорат қилинадиган ҳар қандай компаниялар, ташкилотлар ёки органларнинг бошқарув аъзолари бўлишини тақиқлаш;
  • ҳарбий-саноат комплекси билан боғлиқ 168 та рус компаниясига чеклов киритиш;
  • авиация учун двигателларни, хусусан, дронларни Россияга экспорт қилишни тақиқлаш;
  • иккита рус банкининг маблағларини музлатиш;
  • «Первий канал», «НТВ»/«НТВ-Мир», «Россия-1» ва «РEН ТВ» телеканалларининг эшиттириш лицензиясини бекор қилиш;
  • Бутунроссия банкининг транзакцияларини блокировка қилиш.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили Жосеп Боррелль Путинни очарчилик келтириб чиқаришди айблади.

«Озиқ-овқат ва очликдан кейин Путин миллионлаб украиналикларни атайлаб сув, электр ва иссиқликдан маҳрум қилиб, қишни қуроллантирмоқда. Эвропа Иттифоқи бу уруш жиноятига бизнинг тўққизинчи санкциялар пакети билан жавоб беради. Биз иқтисодиётни ва бу шафқатсиз урушда муҳим роль ўйнаганларга қарши нишонга олишни давом эттирамиз», — дейди у.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: