19:50 | 23.07.21
Бугуннинг энг қайноқ ва долзарб хабарларини ушбу дайжестга жойладик
23 июлнинг муҳим ва сара хабарлари битта дайжетда!
Коронавирусни даволашда бурунни совунни кўпиги билан тозалаш самарали усулми? (Спойлер: йўқ) Ушбу савол билан Нурмат Отабековга юзланган, яъни ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувга изоҳ олмоқчи бўлган сайтимиз мухбири мутахассис томонидан блокланди.
Ижтимоий тармоқларда совун кўпиги билан бурун йўлларини ҳамда совунли сув билан томоқ бўшлиғини чайиб туриш, коронавирус инфекциясини бартараф этишда ёрдам бериши айтилган аудиохабар тарқалди. «Bugun.uz» мазкур усулнинг қай даражада самарали эканини аниқлаш борасида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари билан боғланди.
Штаб аъзоси Севара Убайдуллаева мухбиримиз берган саволга жавобан бу усул асоссиз экани ва даволиш стандарларига тўғри келмаслигини маълум қилди.
Аммо, коронавирусга қарши кураш штабининг яна бир аъзоси Нурмат Отабеков бугун бироз асабиймиди, хуллас, бизга бу борада изоҳ беришдан бош тортди. Камига мухбиримизни Telegram мессенжерида қора рўйхатга қўшиб қўйди.
«Йўқ, изоҳ бермайман, ким нима деса шунга изоҳ бераверадими? Биз адвокат эмасмиз-ку?!», — дея ёзган хабарида. Шундан сўнг, мухбирни Telegram’да қайта безовта қилмаслиги учун блоклаб қўйди.
Нима ҳам дердик, иккингизга ҳам раҳмат. Халқни турли ёлғон ва хавфли ҳамда соғлик учун зарарли нарсалардан сақлаб қолиши мумкин бўлган изоҳларни бераётганингиз учун (бундан бош тортаётганингиз учун ҳам) раҳмат!
Ўзбекистон Президенти сайлов кампаниясига старт берилди. Сайлов роппа-роса уч ойдан кейин бўлади. Марказий сайлов комиссияси 23 июль куни Президент сайлов кампаниясига расман старт берди.
Мазкур сайловда 5 та партия — «Адолат» СДП, «Миллий тикланиш» ДП, ЎзЛиДеП, ХДП ва Ўзбекистон Экологик партиялари ўзларининг номзодини илгари суради. Номзодлар ҳали маълум эмас. Аммо яқин кунларда эълон қилиниши кутилмоқда. Бир пайтлар «Миллий тикланиш» айтганидек, «кутинг».
«Bugun.uz» сайлов ва номзодларга қўйилган талаблар тўғрисида батафсил маълумотларни ўз ичига олган видео тайёрлади. Томоша қилинг.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳолини зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликка чақирди. Бунга сабаб вирус эмас.
Пойтахт ҳокимлиги 24–26 июль кунлари мамлакатда об-ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши сабабли аҳолини уйдан чиқмасликка чақирди. Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати меъёрдан 4–6 даража юқори бўлади.
Таъкидланишича, кескин иссиқ ҳавода барча, айниқса, сурункали касаллиги бўлган, диспансер назоратида турувчи беморлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексалар ўзларини ҳимоялаши жуда муҳим.
Бундан ташқари, «Ўзгидрамет» ҳокимиятнинг чақириғига қўшимча тарзда кўпроқ суюқлик истеъмол қилишни тавсия қилди.
Биз ҳам ушбу тавсияларга қаттиқ амал қилишни сўраган ҳолда умид қиламизки, ўтган сафарги аномал иссиқлик пайтида худди нашримиз офиси ва кўпчилик ходимларимизнинг хонадонида кузатилганидек, ярим Тошкент чироқсиз қолмайди.
Ургутлик эркак қишлоқ аёлларини ҳақорат қилди, аҳоли унинг уйида тўпланди. Ҳодиса жойига махсус кучлар жалб қилиниб, вазият юмшатилди.
Ургут туманида 21 июль куни бир гуруҳ фуқаролар Telegram’да Россияда бўлган эркакларнинг аёллари билан бирга бўлганини айтиб, ҳақоратли видео жойлаган эркакдан кечирим сўратиш мақсадида унинг уйига тўпланди.
Ушбу видеоларни тарқатган «Дўстлик» маҳалласида яшовчи фуқаро қамоққа олинди, у кечирим сўраб ҳам чиқди.
Ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Ш.Ш.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фуқаронинг уйига келиб, тартибсизлик юзага келтирган фуқароларнинг ҳам шахсига аниқлик киритилган. Жамоат тартибини бузган ҳар бир фуқаронинг ҳаракатларига қонуний тартибда баҳо берилади.
«Шу ўринда ўзбошимчалик билан, қонунда белгиланмаган тартибда бошқа бир фуқарони “самосуд” қилиш ёки шу каби ҳаракатларга уриниш жиноий жавобгарликни келтириб чиқаришини эслатиб ўтамиз», — дея қўшимча қилган вилоят Ички ишлар бошқармаси.
Ушбу воқеаларга жонли равишда гувоҳ бўлган блогер, тилшунос Эльдар Асанов ҳодиса ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. «Бу каби воқеалар таълим, савод не қадар муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Яхши оммавий таълим бўлса, мактабда ва бошқа муассасаларда муомала одоблари, танқидий фикрлаш ва стереотиплардан қочиш (“ҳамма шаҳарликлар ундай, ҳамма қишлоқликлар бундай” қабилида) ўргатилса, одамлар ўйлаб, фикрлаб гапиришни ўрганади; бошқа томондан эса, арзимаган гап туфайли ғурури қўзғалиб, оломонга қўшилиб ҳам кетавермаслик кераклигини тушунади», деб ёзади блогер.
«Вакцина льготаси»: ходимларини тўлиқ эмла(н)ган аҳолига хизмат кўрсатиш масканларига чекловларсиз ишлашга рухсат берилади. Вакцина олишни хоҳламаган ходимлар ишдан олинади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида коронавирусга қарши курашиш штабининг маълум қилишича, ўз ходимларини тўлиқ эмлаган ошхона, кафе, ресторанлар ва бошқа турдаги аҳолига хизмат кўрсатиш масканларига чекланган муддатдан (20:00) ташқари ишлашига рухсат бериш амалиёти жорий қилинади.
Шунингдек, ўз вақтида ихтиёрий равишда эмланган ходимлар иш берувчи томонидан рағбатлантирилиши ва буни рад этган ходимларни вақтинчалик ишдан четлаш тартиби белгиланиши айтилган.
Блогер Никита Макаренконинг твити бутун испан матбуотида айланди. У Ўзбекистонга Испаниядан келтирилган поезд ҳақида ёзган, изоҳга эса испаниялик фойдаланувчи мустақилликка эришмоқчи бўлаётган Каталония ҳақида ёзиб қолдирган.
Макаренко 21 июль куни ўзининг Twitter’даги саҳифасида Ўзбекистонга «Talgo» поездларининг навбатдаги партияси олиб келинаётгани тўғрисида твит қолдирди. Бу кутилмаганда испаниялик фойдаланувчилар орасида «вирус»га айланди.
Блогер бу қандай содир бўлгани ҳақида сўзлар экан, у ўз сиҳафисига «Талго» (Афросиёб) поездининг картонга ўралган расмини жойлаштиргани, изоҳлар испаниялик миллатчи провакация қилганини ёзади. «Бу Каталония ҳақида сукут сақлаш учун Испания совғасими? Испания, одатда, бошқа давлатлар Каталония борасида индамаслиги учун шундай совғалар беради», деб ёзиб қолдирган испаниялик фойдаланувчи.
Никита эса бунга жавобан Каталония билан ҳеч кимнинг иши йўқлиги, бу поездлар учун пул тўлангани ҳамда, у мамлакатдаги автоном республика ҳисобланадиган Қорақалпоғистон ҳақида билмаган пайтда нега унинг Каталонияси ҳақида қайғуришини ёзган.
«Бунга жавобан унга ‘Нима ҳақида гапиряпсан, йигит? Бу ерда сенинг Каталониянг билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Масалан, сен Қорақалпоғистон ҳақида ҳеч нарса билмайсан. Нима учун биз Каталония ҳақида қайғуришимиз керак?ʼ дея ёздим», дейди блогер.
Ушбу твит остидаги ёзишмалардан сўнг Никитанинг сўзлари яшин тезлигида испан медиасида тарқала бошлади. Улар Макаренкони оқлашмоқда, Қорақалпоғистонга қизиқишмоқда. Хуллас, охирги пайтда испан ОАВсида Ўзбекистон ҳақида фикрлар кўп янграмоқда.
Бу твит нафақат испанларнинг, балки русларнинг ҳам эътиборига тушди. Хусусан, россиялик блогер Алекс Экслер ушбу ҳолатга муносабат билдириб, ўз блогида «Битта каталониялик Испания бўйлаб Ўзбекистонни қандай тарғиб қилди?» номли мақола ёзган.
Макаренко ўз постининг охирида мамлакатда Twitter’ни блоклаганларга мурожаат қилган.
«Нима учун бундай бўлганини билмайман. Аммо хулоса шу. Мамлакатимизда Twitter’ни блоклаган йигитлар (мен VPN орқали кираман), сиз ўз оёғингизга ўқ уздингиз. Улар ҳеч қачон серверларни бу ерга олиб келишмайди, сиз эса мамлакатимизни чет элларда тарғиб қилиш учун энг муҳим Интернет-канални тўсиб қўйгансиз.
Мукофот сифатида сизларга раҳмат ва 300 литр пахта ёғи. Умид қиламанки, улар маҳалла фондларидан ажратилади», — деб ёзган блогер 23 июль ўзининг Telegram каналида.
«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов Макаренконинг «Туризм вазирлигига ўтган мастер класси»га атаб карикатура чизди
Хўш, оламда нима гап?
Россияда ёнган ўрмоннинг тутуни Америкада чиқди. Тўғрироғи, етиб борди. Россиянинг Ёқутистон Республикасида содир бўлган ўрмон ёнғинларининг тутуни АҚШ ҳудудигача етиб борди. Маълум бўлишича, ёнғин ҳавонинг иссиқлиги ва кучли шамол туфайли юзага келган.
Унинг тутуни АҚШнинг Аляска штатигача етиб борган. Маълумот учун, Якутиядан Аляскагача бўлган масофа 4 километрни ҳам ташкил қилмайди.
АҚШ Афғонистонни тарк этганига қарамай, «Толибон»га қарши ҳаво ҳужумлари уюштиришда давом этмоқда. АҚШ сўнгги 30 кун ичида афғон ҳарбийларининг «Толибон» ҳаракатига қарши ҳужумига ёрдам тариқасида Афғонистонга ўнлаб ҳаво зарбалари берди.
АҚШ Мудофаа вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумининг аксарияти дронлар ёрдамида амалга оширилган. Улар «Толибон» ҳаракатининг Афғонистон Миллий мудофааси ва Хавфсизлик кучларидан тортиб олган ҳарбий техникани нишонга олган.
Сўнгги бир неча кун ичида Афғонистон аҳолиси осмонда Америка самолётларини кўргани ҳақида хабар берган. Бироқ Пентагон Афғонистонни тарк этаётган АҚШ ҳарбийларини ҳимоя қилиш учун афғон қуруқликдаги кучларига ёрдам кўрсатганини расман тасдиқламаган.
Эркаклар аёлларга қараганда кўпроқ экологияга «зарарли» деб топилди. Швециянинг «Ecoloop» компанияси глобал исиш жараёнига эркаклар ва аёллар фаолиятининг таъсиридаги фарқни аниқлади. Швеция олимлари эркаклар аёлларга қараганда 16 фоиз кўпроқ атмосфера чиқиндиларини ишлаб чиқаришини аниқлаган.
Тадқиқотчилар одамларнинг муҳим товарларга бўлган харажати, қайси ишлаб чиқарувчиларни танлаши, транспорт воситалари, сотиб оладиган маҳсулотларининг қадоқлари, шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлашга муносабатини ҳам ҳисобга олган.
Таҳлилчилар тахминан бир хил кунлик сарф-харажатларга асосланиб натижаларни солиштирган. Унга кўра, аёлларнинг хатти-ҳаракатлари экологияга камроқ зарар келтириши маълум бўлган — улар шахсий транспортга қараганда тез-тез жамоат транспортидан фойдаланади, кам гўшт истеъмол қилади ва ёмон одатлар билан курашишга ҳаракат қилади.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: