21:00 | 03.05.22
@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
«Чегара билмас мухбирлар»дан ҳайитлик: Ўзбекистон Сўз эркинлиги индексида 24 пағона юқорилади.
Бугун — сўз эркинлиги куни. Ҳар йили 3 май куни «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган Сўз эркинлиги индекси эълон қилинади. Бу йилги рейтингда Ўзбекистонда 24 ўринга юқорилаб, 180 та давлатни ичида 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилган.
Ўзбекистон бундай сезиларли «сакраш»га айнан нима сабабдан эришгани қайд этилмаган, аммо соҳадаги камчиликлар ва муаммолар (масалан, Отабек Сатторий «иши») алоҳида қайд этилган.
Эътиборли (ва кутилган) жиҳати шундаки, бу йил Россия ушбу рейтингда деярли Ўзбекистоннинг ўтган сафарги ўрнига — 155-ўринга тушиб кетган (ўзи жа юқорида ҳам бўлмаган, 2021 йилда 150-ўринда эди, ўтган йили унинг ҳозирги ўрнида қўшнимиз — Қозоғистон бўлган, ҳозир улар биздан юқорироқ — 122-ўринда). Ташкилотнинг ҳисоботига кўра, Россияда «ҳукумат ахборот устидан тўлиқ назорат ўрнатган, оммавий ҳарбий цензурани жорий қилган, оммавий ахборот воситаларини тўсиб қўйган». Бундан келиб чиқадики, мамлакатдаги ҳозирги (сўз эркинлигига оид) ҳолат Ўзбекистондагидан яхшироқмиди — индексда шундай кўринади.
Ҳавас қиларли кучли учлик қуйидагича: Норвегия, Дания ва Швеция. Энг сўнгги ўринлардаги трио эса бизга анча таниш: Эрон, Эритерия ва Шимолий Корея.
Ниятимиз: ҳар соҳасада, ҳар жабҳада мартабамиз ростмонасига улуғ бўлсин, ҳар доим Ўзбекистон етакчилардан бўлсин, реал иқтисодий ўсиш, интеллектуал жиҳатдан юксалиш ва фаровонликка (ва албатта бунинг ортида сўз эркинлигига ҳам эришиш) эришиш насиб қилсин.
Харобага айланган сарой: Карманадаги Мирзачорбоғ эътибордан четда қолмоқда. «Bugun.uz» мухбири видеорепортаж тайёрлади.
Навоий вилояти Кармана туманидаги Мирзачорбоғ саройи Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан 1900–1905 йилларда қурдирилган. Мирзачорбоғнинг қурилишида меъмор Абдураҳим Турдимурод ўғли Ғазғоний раҳбарлик қилган, ўша даврнинг номдор ганчкор устаси Ширин Муродов ҳам иштирок этган.
Сарой 1942–45 йилларда поляк ҳарбийларига казарма сифатида берилган, кейин пиллачилик идораси бўлган, 80 йилларгача яхши ҳолатда сақланган, 1983 йилдан кейин қаровсиз ҳолга келган. Маҳаллий аҳолига кўра, 2000 йилларда саройга халқ томонидан катта зарар етказилган, эшик, деразалари, йўғон тарихий устунлари ташиб кетилган. 2017 йилда ҳовлисида жойлашган ёғоч айвон бузиб, олиб кетилган.
«Bugun.uz» мухбири ушбу ҳароба ҳолига келган саройда бўлиб, у ердан видеорепортаж тайёрлади. Уни қуйидаги ҳавола орқали Telegram каналимизга ўтиб томоша қилишингиз мумкин.
Маълумот учун, Мирзачорбоғ саройи Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарорига асосан тасдиқланган маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритилган. Ҳужжатда Кўҳна Қўрғон маҳалласидаги ушбу обида Навоий вилояти маданий мерос бошқармаси бошқаруви остида экани айтилади.
Кейинчалик Маданий мерос агентлиги ушбу мақола юзасидан муносабат эълон қилди. Унга кўра, мутахассислар томонидан ҳозирги кунда объектни муҳофаза қилиш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.
Интерактив: Ўзбекистоннинг қайси туман ва шаҳарларида ёшлар сони кўпроқ?
Тошкент шаҳри ёш бўйича умумий сон олинганда деярли барча ёшлар бўйича бошқа шаҳар ва туманлардан ўтиб тушади, сабаби пойтахтда бошқа шаҳар ва туманларга нисбатан аҳоли сони бир неча баробар кўпроқ.
«Bugun.uz» колумнисти Нодир Нортўраев шу сабабли ушбу мақолада маълум бир ҳудуддаги умумий аҳоли сонидаги ёш бўйича улушларни алоҳида ҳисоблаб чиқди.
Қуйидаги инфографикадаги тугма орқали ўз ҳудудингизни топиб, у ерда қайси ёшдаги фуқаролар кўпроқ яшаши ҳақида билиб олишингиз мумкин.
Яна озроқ статистика: йилнинг дастлабки уч ойида энг кўп чақалоқ Самарқанд вилоятида туғилган — 24 265 нафар.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил январь-март ойларида Самарқандда туғилган 24 265 нафар чақалоқнинг 12 516 нафари ўғил, 11 749 нафари эса қиз болани ташкил қилади. Қўмита, шунингдек, бошқа вилоятлардаги туғилишларни ҳам жинс кесимида келтирган (у билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин). Улардан кўриш мумкинки, Ўзбекистонда қиз болалар ўғил болаларга нисбатан камроқ туғилмоқда. Нисбатан, фарқ унчалик катта эмас.
Хўш, оламда нима гап?
Россиянинг яна бир қатор банклари SWIFT тизимидан ўчирилади.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель яна бир нечта Россия банки SWIFT тизимидан узилишини маълум қилди.
«Молия секторида кўпроқ Россия банклари SWIFT тизимидан узилади. Қайсилари эканини айта олмайман, лекин шундай бўлади. Энергетика соҳасида эса биз Россия нефти импортига сезиларли таъсир кўрсатадиган чораларни қидирмоқдамиз», — деган Боррель.
Эслатиб ўтамиз, Украинадаги уруш бошланганидан сўнг Европа Иттифоқи Россиядаги жисмоний шахслар, ташкилотлар, мамлакат молия ва энергетика секторига қарши бешта санкция пакетини қабул қилди. Ҳозирги кунда уларнинг олтинчиси муҳокама қилинмоқда. Россия расмийлари эса янги санкцияларни иқтисодий уруш деб атаган ва улар воқеаларнинг бундай ривожланишига тайёр эканини таъкидлаган.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: