11:01 | 27.02.24

                       

ДХХ Фарғонада электрдан ноқонуний фойдаланиб келган майнерларни ушлади

ДХХнинг вилоят бўйича бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан қатор ҳудудларда тезкор тадбирлар ўтказди. Тадбир давомида фуқаролар электрга ноқонуний уланиб, майнинг фаолияти билан шуғуллангани аниқланди. Бу орқали давлатга етказилган зарар миқдори 1,3 млрд сўмни ташкил этган.

Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона ва Қўқон шаҳарларида 1 миллиар 329 миллион сўмлик электр энергиясини талон-торож қилган ноқонуний майнерларни қўлга олди.

Қайд этилишича, хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда «Ўзенергоинспекция» билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1973 й.т. шахс ўз қариндошининг яшаш хонадонида 10 та «Битмаин Антминер» русумли майнинг қурилмаларини электр таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан, ўзбошимчалик билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, 2021-2024 йиллар давомида майнинг фаолияти билан шуғулланиб келиши натижасида, давлат манфаатларига 638 миллион 274 минг сўм миқдорида зарар етказган. 

Фарғона шаҳрида яшовчи, 1989 й.т. шахснинг хонадонида 11 дона, қуввати 14,85 киловатт бўлган «Антминер» русумли майнинг қурилмалари яширин равишда электр тармоғига уланиб, 320 миллион 118 минг сўмлик электр энергияси талон-торож қилинган.

Бошқа ҳолатда эса Фарғона шаҳрида яшовчи, 1971 й.т. фуқарога тегишли хонадон кўздан кечирилганда, 6 дона, қуввати 12,4 киловатт бўлган «Антминер» русумли майнинг қурилмалари электр тармоғига ноқонуний уланиб, электр таъминоти корхонасига 293 миллион 284 минг сўмлик зарар етказилган.

Яна бир ҳолатда, Фарғона шаҳрида яшовчи, 1989 й.т. шахс ўзининг онасига тегишли хонадонда криптовалюта ишлаб чиқариш фаолияти билан қонунга хилоф равишда шуғулланиб, «Антминер» русумли 3 дона майнинг қурилмаларидан фойдаланиши натижасида, электр энергияси бўйича давлат манфаатларига 77 миллион 585 минг сўм миқдорида зарар етказган.

Аниқланган ушбу ҳолатларда давлатга етказилган зарар жами 1 миллиард 329 миллион 261 минг сўмни ташкил этади. Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 169-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: