19:01 | 27.01.23

                       

ДХХ Human.uz нашрининг раҳбарияти билан боғлиқ иш юзасидан қўшимча маълумот берди

Хабар қилинишича, уларга нисбатан Kompromatuzb Telegram-канали администраторлари сифатида жиноят иши қўзғатилган

Давлат хавфсизлик хизмати қўлга олинган Human.uz нашри раҳбарияти билан боғлиқ иш юзасидан қўшимча маълумот берди. Эълон қилинган маълумотларга кўра, фуқаро И.А.дан келиб тушган мурожаатга асосан, фуқаро Д.Х. (Далиев Хуршид — таҳр.) ва бошқалар Kompromatuzb Telegram-канали ҳамда бошқа каналлар орқали амалга оширилган жиноятларга алоқадорликлари сабабли қўлган олинган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Тергов давомида процесс иштирокчилари адвокат билан таъминланган. Тергов жараёнларини олиб боришда уларнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши кафолатланади. Қўшимча қилинишича, жараён билан боғлиқ маълумотлар доимий равишда эълон қилиниб борилади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, Human.uz сайтининг директори Хуршид Далиев, бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва таҳририятнинг бошқа ходимлари офисидан олиб кетилганлиги ҳақида таҳририят расмий Telegram-канали хабар эълон қилинди. Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Рақамли технологиялар вазирлигига тегишли сўров юборганини маълум қилганди.

Bugun.uz’нинг бир-биридан мустақил уч манбасига таяниб, Хуршид Далиев ва Муслим Мирзажонов «бир гуруҳ шахслар томонидан ўта йирик миқдорда товламачилик содир этганлик» билан боғлиқ жиноят иши доирасида гумонланиб қўлга олингани ҳақида хабар берганди.

Аввалроқ, Kun.uz’нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаси маълумотларига кўраҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва сайт масъулларидан ташқари давлат ташкилотларида ишловчи бошқа шахслар ҳам процессуал тартибда ушланган. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Human.uz интернет нашри журналистларининг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятдан хавотирдалигини билдирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: