16:22 | 22.07.21
Олимлар бу бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларини маълум қилди
Швециянинг «Ecoloop» компанияси глобал исиш жараёнига эркаклар ва аёллар фаолиятининг таъсиридаги фарқни аниқлади. Бу ҳақда «Journal for Industrial Ecology» журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларига таяниб, «МИР24» хабар берди.
Хабарда айтилишича, Швеция олимлари эркаклар аёлларга қараганда 16 фоиз кўпроқ атмосфера чиқиндиларини ишлаб чиқаришини аниқлаган.
Тадқиқотчилар одамларнинг муҳим товарларга бўлган харажати, қайси ишлаб чиқарувчиларни танлаши, транспорт воситалари, сотиб оладиган маҳсулотларининг қадоқлари, шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлашга муносабатини ҳам ҳисобга олган.
Таҳлилчилар тахминан бир хил кунлик сарф-харажатларга асосланиб натижаларни солиштирган. Унга кўра, аёлларнинг хатти-ҳаракатлари экологияга камроқ зарар келтириши маълум бўлган — улар шахсий транспортга қараганда тез-тез жамоат транспортидан фойдаланади, кам гўшт истеъмол қилади ва ёмон одатлар билан курашишга ҳаракат қилади.
«Биз иқлимни муҳофаза қилиш сиёсатини ишлаб чиқишда эркаклар ва аёллар ўртасидаги фарқни ҳисобга олиш муҳим деб ҳисоблаймиз. Аёллар уйни безатиш, соғлиқни сақлаш ва кийим-кечак учун кўпроқ пул сарфлайди, эркаклар эса машиналар учун ёқилғи, уйдан ташқаридаги озиқ-овқат, алкоголь ва тамаки учун кўпроқ пул сарфлайди», — деган «Ecoloop» тадқиқот компанияси вакили Анника Карлссон Каняма.
Олимларнинг фикрига кўра, чиқинди ҳосил қилувчилар жинси жиҳатидан яхши ўрганилмаган ва иқлим инқирозидан чиқиш учун халқаро ҳамжамият бунга эътибор бериши керак.
Тадқиқотга қараганда, эркаклар ва аёллар ўз фаолияти натижасида пайдо қиладиган иссиқхона газларининг 50 фоиздан кўпроғи озиқ-овқат ва дам олишга сарфланган маблағ натижасидир. Масалан, гўшт ва сут маҳсулотларини ўсимлик овқатлари билан алмаштириш ва самолётлар ёки автоуловлардан фойдаланиш ўрнига темир йўл қатновига ўтиш одамнинг кунлик углерод чиқариш ҳажмини 40 фоизга камайтириши айтилган.
Аввалроқ одамлар XXII асрда ўртача қанча умр кўриши мумкинлиги айтилган. Шунингдек, олимлар жазирама шароитда йирик шаҳарларни совитишнинг энг осон йўлини топгани хабар қилинганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: