21:27 | 22.05.24
Эрон ва Ҳиндистоннинг бирлашуви нимани англатади? АҚШ Марказий Осиё учун курашда мағлуб бўлдими?
Куни кеча Эрон президенти Иброҳим Раисий вертолётда ҳалокатга учраб ҳалок бўлгани ва унинг эҳтимолий ўлими сабаблари ҳақидаги таҳлилимизни эътиборингизга ҳавола этган эдик. Бугун Эрон қандай қилиб АҚШнинг режасини барбод қилгани ҳақида сўз юритамиз.
Вазиятнинг тавсифи
АҚШнинг ғарбликлар чўчитаётган «ёвузлик ўқи» давлатлари (Россия, Эрон, Хитой) ўртасида ҳарбий алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганидан жиддий хавотирга тушгани сезила бошланди. Марказий Осиё ва Жанубий Осиёни бирлаштирадиган стратегик иккита лойиҳа, яъни Эрон портлари орқали Шимолий-Жанубий транспорт йўлаги ва Покистон портларига йўл очадиган Транс – Афғон темир йўли, ушбу лойиҳаларни амалга ошиши Россия, Эрон, Хитой ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга ҳарбий ҳамкорликка ҳам кенг йўл очиши АҚШни ташвишга солиб қўйган.
АҚШ Афғонистонни тарк этгач, Марказий Осиё давлатлари билан етарли даражада тил топиша олмади. Шу сабабли, Осиё минтақасидан ишончли шерик излашни бошлаб, бу муаммосига ечим сифатида Ҳиндистонни танлайди ва у билан ҳар томонлама ҳамкорлик бошланади.
Эрон-Ҳиндистон келишуви
Ҳиндистон ҳам Форс кўрфази мамлакатлари билан савдо алоқаларини ривожлантириш учун Марказий Осиё ва Афғонистон бозорига киришга интилаётгани кўзга ташланмоқда, ўз навбатида, Форс кўрфази мамлакатлари Осиё мамлакатлари бозорига киришга интилмоқда. Бундай вазиятдан Ҳиндистон ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилиб, шу йилнинг 13 май куни расмий Теҳрон ва Деҳли ўртасида Чобаҳор портини бошқариш бўйича узоқ муддатли шартнома имзоланишига эришди.
Шунингдек, Ҳиндистон МДҲ бозорига чиқиш учун Эроннинг Чобаҳор портини «Шимол-Жануб» халқаро транспорт коридори (ХТК) доирасида транзит хабга айлантиришга эътибор қаратмоқда.
Умуман олганда, Эрон ва Ҳиндистон ўртасидаги дастлабки келишув 2016 йилда Ҳиндистон бош вазир Нарендра Модининг Эронга ташрифи чоғида имзоланган эди. Жаҳонда рўй бераётган таҳликали вазиятлар келишувни охирига етказишни янада тезлаштириб юборган.
«Сиёсий зилзила» келишуви таснифи
Ғарб ва халқаро тадқиқотлар мутахассиси Элданиз Ҳусейновнинг ўтган хафта охирида дунё гегемон давлатлари Марказий Осиё учун кураш бошлагани ҳақида билдирган фикрлари кенг муҳокамалар марказида бўлди.
Покистон ва Форс кўрфази мамлакатлари минтақада ўз таъсирини ошириш учун Транс – Афғон темир йўлини ниҳоясига етказиш ва стратегик жиҳатдан ноёб ва муҳим позицияга эга бўлишга интилишмоқда.
Худди шу мақсадда ҳаракатларни бошлаб юборган Деҳли ва Теҳрон ўртасида имзоланган ва «сиёсий зилзила» дея баҳоланаётган Эрондаги Чобаҳор портини биргаликда ривожлантириш ва бошқариш, ундан фойдаланишни кўзда тутувчи шартноманинг имзоланиши ортидан Марказий Осиёда мавқени мустаҳкамламоқчи. Мазкур келишув бир томондан Эрон ва Ҳиндистоннинг Марказий Осиёга киришга бўлган ҳаракатини ифодаласа, иккинчи томондан Ўрта Осиё давлатларини денгизга олиб чиқувчи ягона йўл Покистон орқали амалга ошишини чеклаб, эътиборни Чобаҳор портига қарата олади. Ҳиндистон ва Эрон келишуви ўз навбатида Марказий Осиё республикаларининг денгизга чиқишини янада осонлаштиради. Шунингдек, савдо кемалари узоқ масофага ҳаракатланганда Чобаҳор портидан транзит сифатида фойдаланишида ва энг асосийси, икки давлат ва Марказий Осиё мамлакитлари денгиз савдо йўлларини боғловчи хабга қизиқишларни ошира олади.
Марказий Осиё учун кураш
Ҳозирги вақтда Марказий ва Жанубий Осиё, Форс кўрфази мамлакатлари ўртасида алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кучли эътибор қаратилмоқда. Бу йўлда икки лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, булар – Эрон портлари орқали Жанубий – Шимолий транспорт йўлини ишга тушириш ҳамда Покистон портларига йўл очиши кутилаётган Транс – Афғон темир йўлининг қурилишидир. Ҳиндистон савдо алоқаларини ривожлантириш учун Марказий Осиёга киришга интилаётган бўлса, Форс кўрфази давлатларини минтақадаги бой ер ости ресурслари қизиқтиради. Бундан келиб чиқадики, Ўрта Осиёга кириш учун аллақачон навбатдаги «шахмат ўйини» бошланган.
АҚШ ва Ҳиндистон муносабатлари бузилиши
АҚШ бу келишувдан норози эканлигини очиқ-оййдин намоён эта бошлади. Ҳиндистоннинг транзит ва логистика сиёсати АҚШ томонидан эътирозларга учраётганини кузатила бошланди. Хусусан, АҚШ Давлат департаменти Ҳиндистон ва Эрон ўртасидаги «сиёсий зилзила» келишувига жавоб сифатида АҚШнинг Эронга қарши қўллаган санкциялари билан Ҳиндистонни сийлаб ўтиши мумкинлиги ҳақида таҳдидли баёнотлар берилди. АҚШ расмийларининг фикрига кўра, Эрон билан яқинлашмоқчи бўлган ҳар қандай давлат ўзига келиши мумкин бўлган потенциал хавфдан огоҳ бўлиши кераклиги айтилди.
Оқ уй Ҳиндистонни Марказий Осиёдаги манфаатларини ифадоловчи асосий шерик сифатида кўриб келаётган эди. Аммо Эрон билан келишилган «сиёсий зилзила» келишуви эса АҚШ манфаатларига умуман зид ҳисобланиши, келажакда Чобаҳор порти Ҳиндистонни Россия ва Эрон ҳудуди ҳамда Каспий минтақаси орқали мўлжалланган халқаро Шимолий–Жанубий транспорт йўлагига қўшилиб қолиши мумкинлиги борасидаги хавотирларини оширди. Яъни, Эрон Ҳиндистонни ўз томонига оғдириб, АҚШни Осиёда яна бир ҳамкоридан айирганди. Ўз ўрнида Ҳиндистон ҳам «ёвузлик ўқи» давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилаётгани АҚШни янада саросимага сола бошлади. Хусусан, Ҳиндистон ва Россия ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш учун янги координатлар асоси ҳам вужудга келганди. Россия ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо айланмасининг амалдаги кўрсаткичларига қарамай, Ҳиндистон ҳамкорликни янада кенгайтириш ва диверсификация қилишдан манфаатдор эканлигини ошкора маълум қилди. Ню-Деҳли, айниқса, Жанубий Транспорт йўлаги, Владивосток-Ченнай йўлаги, шунингдек, Шимолий денгиз йўли каби йирик инфратузилма ва логистика лойиҳаларини янада ривожлантириш ниятида ёвузлик ўқи давлатларининг яқин ҳамкорига айланиб бормоқда.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, «сиёсий зилзила» келишувининг имзоланиши Россия-Ҳиндистон ҳамкорлигини кенгайтириш учун янги координаталар ва асосларни яратади ва белгилайди. Бу эса Ғарб манфаатларига зид бўлиб, унинг Яқин Шарқ ва осиёда мавқеини пасайтиради. Ғарб назорати остида бўлмаган янги келишувларнинг шаклланиши ўзини дунё лидери ҳисоблаётган АҚШни доим хавотирга солиб келади. Европа чўчиётган «ёвузлик ўқи» (Россия, Эрон, Хитой) давлатлари билан бўладиган ҳар қандай келишувлар ҳарбий мақсадларни бирлаштиради деган фикр уларга тинчлик бермайди.
Дилшод Ҳакимов тайёрлади
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: