20:38 | 20.05.24

                       

Раисий бехосдан вафот этадиган президент эмас

АҚШ, ички душманлар ва табиий офат. Иброҳим Раисийнинг ўлимига аслида нима сабаб бўлган?

Расмий Теҳрон баёноти: Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий, ташқи ишлар вазири Ҳуссайн Амир Абдуллаҳиён ва Озарбайжондаги ташрифдан қайтаёган делегациянинг бошқа аъзолари ҳамда экипажнинг барча таркиби вертолёт ҳалокатида ҳалок бўлишган. Аварияга сабаб сифатида ёмон об-ҳаво шароити, вертолётнинг техник носозлиги ва ғарбнинг душманга қарши уюштирган теракти эҳтимоллар сифатида кўриб чиқилмоқда.

Раисийнинг ҳалокатли ўлимига АҚШ алоқадорми?

АҚШнинг санкциялари туфайли Эронга самолёт ва вертолётлар учун эҳтиёт қисмлари етказиб берилиши тақиқланган. Узоқ вақтдан буён давом этаётган турли эмбарголар мамлакат авиация инфратузилмасининг ночор ҳолатга солиб қуйганди.

The Atlantic нашрининг ёзишича, камида икки нафар вазир ва ҳарбий қўмондонларнинг авиаҳалокатда вафот этиши шубҳали ҳодиса ҳисобланади. Боиси Эрон президентлари тасодифан вафот этадиган мамлакат эмас.  Шунинг учун теракт версиясини диққат билан кўриб чиқишга арзийди.

Мазкур нашрнинг яна бир версиясига кўра: Эрондаги ички сиёсий кураш натижасида Эрон Президентининг ўлими уюштирилган ёки ислом инқилобидан буён Эрон ўзига душман қилиб олган ҳамда «катта шайтон» дея атаб келаётган АҚШ ва унинг энг яқин иттифоқчиси Исроил Эрон президентини лавозимидан четлатишга уриниб кўрган бўлиши ҳам мумкин.

Эрон мухолифати

Эронда азалдан ички сиёсий рақобат мавжуд, аммо мухолифатнинг расмий ҳокимият билан зиддиятлари, ғарбнинг хоҳишига зид равишда, Ислом Республикасида айтарли ҳарбий қарама-қаршиликка эриша олмай келмоқда. Гарчи кечаги авиаҳалокат, ғарб оммавий ахборот воситалари томонидан  Раисийнинг мухолифлари томонидан саҳналаштирилган деган версияда тарқатилаётган бўлса-да, ўта ишончсиз ҳисобланади. Сабаби Эрон мухолифати ҳеч қандай ҳарбий қудратга эга эмас ва у ҳеч қачон расмий ҳокимиятга қуролли тарзда ёки бошқа ҳалокатга олиб келадиган ҳужум уюштиришга қодир бўлмаган. Қолаверса, Эрон мухолифати Иброҳим Раисийнинг кутилмаганда ўлимини Вашингтон ва Брюсселнинг иродасига қарши чиқадиган ҳар қандай мамлакат лидери учун ўзига хос сигнал сифатида қабул қилган.

«Сиёсий зарба»ларни бошдан кечираётган давлатлар

Май ойи бошлангандан буён айрим мамлакатлар учун омадли келмаяпти. Жорий йилнинг май ойида минтақани безовта қилаётган фожиали воқеалар хронологияси билан таништирамиз:

Май ойининг илк кунларида Саудия арабистонининг валиаҳд шахзодаси Муҳаммад Бин Салмонга суиқасд уюштирилиши ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Айрим нашрларда бу ҳақда нореал кадрларни тарқатишга ҳам улгуришди. Бир ҳафта ўтар-ўтмас Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдоған мамлакатда ҳарбий тўнтариш юз бериши мумкинлиги ҳақида турк жамоатчилигини огоҳлантирди. Эрдоған баёнотидан икки кун ўтиб, аниқроғи 15 Май куни Словакия Бош вазири Роберт Фицога суиқасд уриниш бўлди. 16 Майда эса Сербия Президенти Александар Вучичга содир этилиши керак бўлган суиқасднинг олди олинди. Венгрия Бош вазири Виктор Орбанга қарши очиқ таҳдидлар сақланиб қолаётир. Ногаҳонда 19 Май куни Раисий билан боғлиқ ҳалокат ундан кейин 88 ёшли Саудия арабистони Қироли Салмон Ибн Абдулазизда пневмония аниқланиб, реанимацияга ётқизилиши, Грузиядаги навбатдаги рангли инқилобни вужудга келтириш учун уринишлар, Россия Президентининг ғарбга таҳдид сифатида Хитойга ташрифи каби сиёсий зарбалар дунё жамоатчилиги учун хавотирли тус олди.

Глобал ЖАНУБ ёки «ёвузлик ўқи»

Ғарб ўзига аллақачон Россия – Хитой – Эронни «ёвузлик ўқи» деб ҳисоблаётганини баралла айтишни бошлаган. Вашингтон эса ярим аср давомида “инқилобий оятуллоҳлар” режимини ағдаришга ҳаракат қилаётгани ва сўнгги ўн йилликларда Теҳронни ядровий дастуридан воз кечишга мажбур қилиш учун санкцияларни сўндирмай келаяпти. Бугунги кунда ғарбнинг фикрича «ёвузлик ўқи» мамлакатлари, Ғарбнинг бир қутбли ҳукмронлигини йўқ қилишни ўзаро изчил қўллаб-қувватлаб ва асосан Глобал Жанубни кучайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қуйганидан чўчиётганини яширмаяпти.

Уюштирилаётган «ХАОС»лар

Яқин шарқда уюштирилаётган тартибсизликлар, АҚШнинг минтақа мамлакатларига мавқеини сақлаб қолиш, шунингдек,  Глобал Жанубни кучайишини олдини олишга қаратилган ҳаракатларга интилаётганини кўрсатади. Ғарб ва АҚШнинг муаммоли ҳудудлар яратиб унга Россия, Хитой ва Эронни аралаштириб қуйиши сўнгги 20 йиллик тарихда ўз исботини топиб келаётир. Аммо Россия ва Хитой ҳам анойи давлатлардан эмас, улар АҚШнинг бу каби найрангларини инобатга олиб иш кўришади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Украинадаги можаро, Россияни Ғарб гегемонлигига таҳдидини синдириши керак эди. Бироқ Россия кутилмаганда Хитой ва Эрон билан эҳтимолий Глобал Жануб иттифоқини тузиб олиши ҳамда ушбу учлик давлатларининг эҳтимолий ҳарбий ҳамкорлиги АҚШ ва Ғарбни сергаклантириб қуйди.

Шундай ҳам қўшма штатларнинг ўзи сайлов эҳтирослари билан бандлиги ва бу йилги сайлов мамлакатнинг иккига бўлинганини бутун дунёга исботламоқда. Вашингтоннинг энг яқин дўсти Исроил ҳам айнан мамлакат бошқаруви лидери сайлови туфайли ички зиддиятлар алангасида қолган. Ўз ўзидан аёнлашадики, бундай фурсатда четда муаммо яратиб сайловчиларни чалғитишдан ўзга чора йўқ.

«Одам бўлмаса, муаммо ҳам бўлмайди»

Афтидан гегемон давлатлар, Иосиф Сталин айтган машҳур ибора: «Одам бўлмаса, муаммо ҳам бўлмайди» қабилида иш тутишга ўтишган. Яъни муаммоли кўринган лидерни йўқ қилиш орқали ўзига бўлаётган таҳдидлардан ҳимояланиш, ўз мавқеини сақлаб қолиш, ўз кучини кўрсатиш. Шу ўринда СССР билан муносабатларда янгича ёндошувларни излаган  ва 1963 йилнинг 22 ноябр санасида отиб ўлдирилган АҚШ президенти Роберт Кеннедини эслайлик, унинг ҳаракатлари Ғарб гегемонлигини хавф остига қуйганди ва Кеннеди йўқ қилинди. Швециянинг бош вазири Улоф Палма СССРга келиб, совуқ уришнинг олдини олишга уринмоқчи бўлди. У Москвага ташрифидан уч кун олдин 1986 йил 28 февралда ёлланган киллер томонидан отиб ташланди. Эрон ғарбга хавф туғдираяптими, марҳамат Раисийнинг ўлими билан боғлиқ вертолёт ҳалокати….

Дилшод Ҳакимов тайёрлади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: