9:47 | 15.10.21

                       

Facebook, Google ва Apple Ўзбекистонга 9 ойда қанча солиқ тўлагани маълум бўлди

Шунингдек, яна 9 та хорижий компания ҚҚС тўлаши белгиланди

Ўзбекистонга Facebook, Google ва Apple компаниялари 9 ойда қанча солиқ тўлагани маълум қилинди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 9 ойида Facebook 7,6 миллиард сўм, Google Commerce Limited 4,6 миллиард сўм, Apple 2,2 миллиард сўм, Netflix 331 миллион сўм ва Яндех 256 миллион сўм солиқ тўлаган.

Шунингдек, 2021 йилда 9 та хорижий компания қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчи сифатида рўйхатга олинган. Бу компанияларга Vaskiani Ventures Limited (Кипр), Google Cloud EMEA Limited (Ирландия), Spotify AB (Швеция), Adobe (Ирландия), Delse, Inc. (АҚШ), Scribd, Inc. (АҚШ), LinkedIn Ireland Unlimited Company (Ирландия), Google LLC (АҚШ) ва Microsoft Ireland Operations Limited (Ирландия) киради.

Қайд этилишича, мамлакатда 2 йилда доимий ваколатхонасига эга бўлмаган жисмоний шахсларга электрон хизмат кўрсатувчи 28 та хорижий компания солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган. Booking.com B.V., Netflix International B.V., Apple, Facebook, Яндех, Huawei ва бошқалар шулар жумласидан.

Таъкидланишича, Солиқ кодексида 2020 йил 1 январдан бошлаб рўйхатга олишнинг янги тартиби белгиланган. Интернет компаниялари рўйхатдан ўтиши учун қулайлик яратиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан QQS-ofis ишга туширилган. Бу манба хорижий юридик шахсларга Ўзбекистонда ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза бериш, онлайн шахсий кабинетдан фойдаланиш, (ҳисобот тақдим этиш ва солиқ тўлаш) шунингдек, солиққа тортиш билан боғлиқ барча саволларга жавоб олиш имконини беради.

Аввалроқ Google LLC ва Microsoft Store дўкони оператори Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтгани хабар қилинган. Шунингдек, мамлакатда 2020 йилда электрон сервислар қанча солиқ тўлагани маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: