15:30 | 05.04.24

                       

Хоразм ва Сурхондарёда жами 4,6 млрд сўмни талон-торож қилган МЧЖлар аниқланди

Хоразм ва Сурхондарёда жами 4,6 млрд сўмни талон-торож қилган МЧЖлар аниқланди. Улардан бири 303,4 миллион сўм солиқ тўлашдан бўйин товлаган.

Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида кредит маблағларини талон-торож қилган МЧЖлар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда «Г.Ҳ.» МЧЖ раҳбари Ж.Ж. Шовот тумани ҳудудидаги 3 гектар ер майдонида замонавий иссиқхона қуриш учун тижорат банки филиалидан ажратилган кредит маблағи эвазига хориждан олиб келинган комплекс ускуналарнинг бир қисмини бошқа шахсларга сотиб юбориб, жами 2,6 миллиард сўм кредитни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Сариосиё туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Б.Ф.» МЧЖни норасмий бошқариб келган М.А. “Ниҳолзор” МФЙда иссиқхона ташкил этиш мақсадида ажратилган 2 миллиард сўм кредит эвазига иссиқхоналарни қурмасдан, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани ҳамда 303,4 миллион сўм солиқ тўлашдан бўйин товлагани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: