13:45 | 15.05.24

                       

Хоразмда алиментдан қарзи бўлгани учун 4 йилдан бери қидирилаётган ота товуқ фермасидан топилди

Хоразмда алиментдан қарзи бўлгани учун 4 йилдан бери қидирилаётган ота товуқ фермасидан топилди. У 101 миллион сўм тўлаши керак бўлган.

Хоразм вилоятида алимент қарздорлиги сабаб 4 йилдан ортиқ вақт мобайнида қидирувда бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, Мажбурий ижро бюроси Тахиатош туман бўлими иш юритувида бўлган иш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди буйруғига асосан қарздор К.А.дан бир нафар фарзанди таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи фойдасига алимент ундириш белгиланган.

Қарздор алимент пулларини тўлашдан қочиб юргани сабабли унга нисбатан Мажбурий ижро бюроси Тахиатош туман бўлими давлат ижрочиси томонидан 2020 йил 12 март куни қидирув эълон қилинган. Унинг алимент тўловларидан қарздорлиги 2024 йил 1 май ҳолатига кўра, 101 миллион сўмни ташкил этган.

«Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шўбаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирувда қарздор К.А. Урганч туманида иккинчи оиласининг уйида истиқомат қилаётгани аниқланган. Бюронинг Хоразм вилояти бошқармаси қидирув шўбаси ходимлари билан биргаликда амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирларида 4 йилдан ортиқ вақт мобайнида қидирувда бўлган қарздор К.А. Урганч туманида жойлашган товуқ фермасида ишлаётган вақтида топилган», — дейилади хабарда.

Ҳозир қарздорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Тахиатош туман судига юборилган ва ушбу суд томонидан 6 май куни қарздор К.А.га нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: